«Ҳавана синдроми»: АҚШ разведкаси сирли ҳодиса бўйича хулоса эълон қилди
АҚШ разведкаси «Ҳавана синдроми» номи билан машҳур бўлган жумбоқли ҳодиса бўйича текширув натижаларини эълон қилди. Қўшма Штатларнинг турли мамлакатлардаги дипломатларида сирли хасталик кузатилган ва бунда Россия махсус хизматининг қўли борлиги тахмин қилинган эди.
АҚШ миллий разведка хизмати раҳбари Эврил Ҳэйнсга кўра, «Ҳавана синдроми» ҳодисасига хориж махсус хизматларининг алоқадор экани тахмини тасдиқланмаган. Дипломатларнинг тоби қочишига эса атроф-муҳит омили ёки яширин касалликлар сабаб бўлиши мумкин. Хасталиклар қасддан, муайян қурол ёрдамида уюштирилгани фарази ўз тасдиғини топмаган.
АҚШ махсус хизматлари ушбу ҳодисани икки йилдан ошиқроқ вақт давомида тафтиш қилган, минглаб ахборот ва ҳужжатлар синчковлик билан ўрганилган.
Айни чоқда, «Ҳавана синдроми»га чалинган беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатлик фирмаси вакили Марк Заид разведка текшируви тўлақонли шаффоф, якуний хулоса ҳаққоний эканига шубҳа билдирган.
Аввал хабар берганимиздек, илк бор 2016 йили АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган.
Айрим дипломатларнинг қулоғи остида кучли шовқин эшитила бошлаган, айримларининг қон босими кўтарилиб, боши оғриган, яна айримларининг кўриш ва ақлий қобилиятида бузилишлар, уйқусизлик қайд этилган.
АҚШнинг Хитой, Австрия, Россия каби мамлакатлардаги элчихоналари ходимларида ҳам айни шундай кўнгилсиз ҳолатлар кузатилган.
Дипломатларнинг сирли равишда касалланиши юзасидан турли сабаб ва тахминлар айтилган. АҚШ олимлари бир йиллик тадқиқотлардан кейин бу нурланиш оқибати деган хулосага келган. Мамлакат махсус хизмати эса Москва томонидан акустик ҳужум уюштирилган деган тахминни илгари сурган.
Расмий Москва ҳам, расмий Ҳавана ҳам акустик ҳужумга алоқадорлигини рад этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter