Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ҲАМАСнинг янги раҳбари Яҳё Синвар ким?

ҲАМАСнинг янги раҳбари Яҳё Синвар ким?

Исроил турмасида ўтган 23 йиллик умр ҳамда ҲАМАСнинг ички хавфсизлик аппаратидаги карьерасидан сўнг Яҳё Синвар Яқин Шарқдаги можароларнинг айни қизғин палласида Фаластин ҳаракатига раҳбар бўлиб келди.

Яҳё Синвар ўтган ҳафта Теҳронда ўлдирилган Исмоил Ҳаниянинг ўрнини эгаллади.

AFPнинг ёзишича, ҲАМАС маъмурияти ҳаракат раҳбари этиб Синварни танлаши билан «босқинчи кучларга ҲАМАС ўз қаршилик ҳаракатларида собит  экани ҳақидаги хабарни аниқ етказиб қўйди».

Синвар 7 октябрдаги Исроил тарихидаги энг шармандали – 1 200 нафарга яқин қурбон ва 251 нафар одам гаровга олинган ҳужум ташкилотчиларидан бири дея қаралади.

Ушбу ҳужумдан сўнг шу кунга қадар жамоатчиликка кўриниш бермаган Синвар исроиллик ҳарбий воиз Ричард Хехт томонидан «ҳаракатдаги мурда» деб таърифланади.

Ғазонинг жанубида жойлашган Хон Юнус қочоқлар лагерида туғилган Яҳё Синвар ҲАМАС ҳаракатига 1987 йилда – Аҳмад Ясин ушбу гуруҳни ташкил қилганида қўшилган. Кейинги йил у ҳаракатнинг ички хавфсизлик аппаратини ташкил қилади ва бошқаради. Бу бўлим Фаластин зиддига хоинлик қилган ҳамда Исроилга маълумот бериб келган фаластинликларни қаттиқ жазолаш билан шуғулланган.

Al-Arabia news’нинг ёзишича, Синварнинг Исроил қамоқхоналарида берган тергови стенограммаларида унинг фаластинлик хоинларни жазолашда қаттиққўллик қилгани кўринади.

У Ғазодаги Ислом универститетини тамомлаган, Исроил қамоқхоналарида ўтказган 23 йилида эса иврит тили, шунингдек, Исроил маданият ва жамиятини яхши ўрганган. У икки исроиллик ҳарбийни ўлдиргани учун 4 умрлик муддатга қамалган ва 2011 йилда исроил ҳарбийси Гилад Шалит эвазига озод қилинган эди.

Кейин у ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлган Иззиддин ал-Қассам гуруҳи бош қўмондони бўлди.

Унинг ҳаммаслаги бўлган Исмоил Ҳания ҲАМАСни дунё ҳамжамиятига мўътадил қиёфада кўрсатишга мойил бўлган бўлса, Синварнинг Фаластин масаласини куч ишлатиш йўли билан олдинга олиб чиқишни афзал кўриши айтилади.

Шунингдек, Синвар Ғазо сектори, босиб олинган Ғарбий соҳил, Маҳмуд Аббоснинг ФАТҲ партияси назоратидаги ерлар ҳамда қўшиб олинган Шарқий Қуддус ерларидан иборат ягона ва мустақил Фаластин давлатини тузиш тарафдори.

У 2015 йилда АҚШнинг энг кўп қидирилаётган «халқаро террорчилар рўйхати»га киритилган.

Ўтган йилнинг ноябрида Синварни «топиш ва йўқ қилишга» ваъда берган Исроил Мудофаа вазири Ёав Галлант ғазоликларни Синварни топширишга чақирган ва бу «урушни қисқартириши»ни айтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг