Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гулнора Каримова иши: бу сафар Британия бош вазири аралашди

Гулнора Каримова иши: бу сафар Британия бош вазири аралашди

Британия консерваторлар партияси донорининг йирик коррупция жанжалига аралашгани ҳақидаги хабарни эшитган мамлакат бош вазири Борис Жонсон партиянинг барча хайрия лойиҳалари текширувдан ўтишини маълум қилди.

BBC ва The Guardian каби йирик нашрлар олиб борган суриштирув натижаларига кўра, Борис Жонсоннинг етакчилик кампаниясига муносиб ҳисса қўшган британиялик тадбиркор Муҳаммад Амерси Швециянинг Telia телекоммуникация ташкилоти билан бир неча шубҳали шартномаларда қатнашган.

Суриштирувга кўра, Амерси Telia компаниясига Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова билан 220 млн. долларлик келишувни имзолашни маслаҳат берган. Кейинроқ эса Г.Каримовага тўланган пуллар "пора" экани исботланиб, швед компанияси АҚШ ҳукумати томонидан 952 млн. доллар миқдорида жаримага тортилганди.

Амерси 2010 йилда Гибралтардаги офшор компанияси орқали Каримовага пулларни ўтказишда иштирок этгани айтилади.

Лекин Амерсининг ўзи ушбу айбловларни инкор қилиб чиқди: "Telia компаниясини бир неча идоралар обдон текширган ва менга нисбатан ҳеч қандай айблов илгари сурилмаган. Маслаҳатчи сифатидаги ишим эса қонун доирасида бўлиб ўтган".

BBC маълумотига кўра, Муҳаммад Амерси 2019 йилдаги сайлов кампаниясидан 100 минг фунт (136 минг доллар), бош вазир дастурида қатнашгани учун 10 минг фунт (13,6 минг доллар) миқдорида ҳақ олган. 2018 йилдан бери турли зиёфатларга 525 минг фунт (салкам 715 минг доллар) сарфлаган.

Ушбу ҳолатга Борис Жонсон қуйидагича изоҳ берди: "Мен бу воқеани бугун кўрдим. Бир нарсани аниқ айтишим мумкин, барча хайриялар ва маблағлар қонун доирасида амалга оширилиши керак. Биз ҳали уларни текширамиз".

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова 2020 йилда 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. У жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг