Гиёҳванд, миллиардер ва ярадор аскар: Гитлер ҳақида тадқиқотлар нима дейди?
Адольф Гитлер ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Унинг ваҳшийликлари ва қилмишлари ҳақида тадқиқотлар олиб борилган, китоблар нашр этилган. Қуйида фюрернинг кўпчиликка маълум бўлмаган айрим қирралари хусусида сўз юритамиз.
Фюрернинг илк фамилияси Гитлер бўлмаган
Адольф Гитлернинг болаликдаги исми-шарифи Адольф Шиклгрубер эди. Унинг отаси Алоис Шиклгрубер бўлган. У 40 ёшга тўлганида ўзининг ўгай отаси Иоганн Жеорж Гитлернинг фамилиясини қабул қилишга қарор қилган. Адольф 1903 йилда вафот этган отаси билан мураккаб муносабатда бўлган. Гитлернинг ҳаётидаги энг қайғули онлари сифатида 1907 йилда онасининг кўкрак бези саратонидан вафот этгани тилга олинади. Манбаларга қараганда, Адольф Гитлер онасини ҳаддан ташқари яхши кўрган ва бу айрилиқдан сўнг унда фашистик ғоялар туғилган.
Биринчи жаҳон урушидаги оддий аскар
Умрининг сўнгига қадар Гитлер Биринчи Жаҳон урушидаги хизматлари учун берилган «Темир хоч» биринчи тоифасидаги медални тақиб юрган. У Соммедаги биринчи жангда яраланган бўлса-да (1916), яқинда ўтказилган тадқиқотларда Гитлернинг урушдаги иштироки бўйича далиллар чалкашиб кетгани айтилади. Бундан ташқари, Гитлернинг 1918 йилда хантал-газ хуружи пайтида жиддий жабрлангани ҳақида маълумотлар бор.
«Майн Кампф» — тақиқдаги бестселлер асар
1924 йилда қамоққа тушган Гитлер кейинчалик дунёдаги энг хавфли китоблардан бири деб ҳисобланадиган асарини ёзишни бошлади. Дастлаб икки жилдда (1925, 1927) нашр этилган «Майн Кампф»да (Менинг курашим) Гитлер ўз ҳаётини ёзиб, ирқчилик мафкурасини намойиш этади. Венада яшаб юрган пайтида «мутаассиб антисемит»га айланганини даъво қилинади.
Дастлаб у катта муваффақиятга эришмаган бўлса-да, «Майн Кампф»нинг машҳурлиги Гитлер ва нацистлар ҳукмронлиги вақтида ўсди. Гитлер вафотидан сўнг асар Германияда ва бошқа мамлакатларда тақиқланди. Муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган Германиянинг Бавария штати бошқаларга нашр ҳуқуқини беришдан бош тортди. 2016 йилда асарнинг муаллифлик ҳуқуқи тугаганидан кейин у жамоат мулкига айланди.
1939 йилга келиб «Майн Кампф» ўн битта тилда 5,2 миллион нусхада сотилган. Урушнинг охирига келиб китобнинг 10 миллион нусхаси тарқалган.
Рейхстаг ёнғини ва фюрернинг қудратга келиши
Гитлер 1933 йил январида Германиянинг канцлери этиб тайинланди. У янада кучлироқ бўлишга интилди ва бунинг учун ҳатто Германия парламент биносини ёқиб юборди. Гитлер бу иши орқали ўз ваколатини мустаҳкамлашни кўзда тутган, дейилади. 1933 йил 23 мартда Рейхстаг Гитлер диктатурасини санкциялашга қодир бўлган қарорни қабул қилди. 1934 йил августда немис халқи Гитлерга тўлиқ ваколат бериш учун овоз бериб, канцлер ва президент лавозимларини бирлаштирди. Шу орқали «Führer und Reichskanzler» (Раҳбар ва канцлер) лавозими жорий қилинди.
Гитлер яхшигина санъатшунос бўлиши мумкин эди…
Гитлер рассом бўлишни истаган, аммо бунга эришган эмас. Бу унинг кейинги ҳаётидаги нацистик кайфиятига ҳисса қўшган. Гитлер Вена тасвирий санъат академиясига ўқишга кира олмаган. Ўзи чизган суратларни сотолмай қашшоқликда яшаган. Фюрер бўлганидан кейин эса санъатга бўлган қизиқиши янада кучайган. Гитлер антик давр ижодини маъқуллаган бўлса-да, у импрессионизм, кубизм ва дада каби замонавий ҳаракатларни жуда танқид қилган. Унинг даврида Пауль Клее, Пабло Пикассо, Вильгельм Лембрук ва Эмиль Нольденинг замонавий асарлари катта кўргазмаларда намойиш этилганди ҳам.
Бир сўз билан айтганда, Гитлер яхши санъатшунос бўлиши мумкин эди…
Соғлом турмуш тарзига амал қиладиган «гиёҳванд» Гитлер
Гитлер тамаки истеъмол қилмаган ва вегетариан бўлган. Бироқ унинг соғлом турмуш тарзини наркотик моддалар истеъмоли бузиб турган. Сўнгги тадқиқотларга кўра, 1941 йилда унинг шахсий шифокори Теодор Морелль унга турли хил дориларни, шу жумладан, оксикодон, метамфетамин, морфин ва ҳаттоки кокаинни юборишни бошлади. Дарҳақиқат, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш фашистлар партияси аъзолари ўртасида кенг тарқалган ва аскарлар кўпинча жангдан олдин наркотик моддаларни истеъмол қилган.
Гитлер – миллиардер
Ёшликдаги қашшоқлик Гитлерни бойлик тўплашга ундаган. Унинг бойлиги ҳукумат пулларини ўзлаштириш ва корпорациялардан «хайрия» маблағларини қабул қилиш орқали ортиб борган. Канцлер бўлгач, янги турмуш қурганларга «Майн Кампф» китобини сотиб олишни мажбурий қилиб қўйган. Бу эса китобдан Гитлер учун катта гонорар берилишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, у даромад солиғини тўлашдан бош тортди. Гитлер тахминан 5 миллиард долларлик мулкка эгалик қилган. Шунингдек, у санъат коллекциясини тўплаш, чиройли буюмлар сотиб олиш каби машғулотларга ружу қўйган. Урушдан кейин унинг мол-мулки Бавария ҳокимиятига берилган.
Нобель мукофотига оид жанжал
1936 йилда Гитлернинг ашаддий танқидчиси бўлган немис журналисти Карл фон Осситский 1935 йилги тинчлик мукофоти ғолиби, деб топилди. Бу имо-ишора нацизмни қоралаш ва Германияни «ҳақорат қилиш» сифатида қаралди. Натижада Гитлер барча немисларга Нобель мукофотини қабул қилишни тақиқлаб, алтернатив сифатида Германиянинг Санъат ва фан бўйича миллий мукофотини яратди. Кейинчалик Учинчи Рейх даврида Нобелларни қўлга киритган учта немис диплом ва медалларни олган бўлса ҳам, мукофотларидан воз кечишга мажбур бўлди.
1939 йилда Нобель таъсис кенгаши Гитлерни Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатди. Гарчи у буни ҳазил сифатида мақсад қилган бўлса-да, баъзилар буни жиддий талқин қиладилар. Бу шов-шувга сабаб бўлди ва номинация тезда қайтариб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter