Франциялик мусулмон Ҳаж ниятида фавқулодда жасоратга қўл урди
Франциялик Набил Ан-Насрий муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиш учун велосипедда Саудия Арабистонига қадар 5000 км йўлни босиб ўтди.
41 ёшли жаҳонгаштанинг машаққатли сафар йўли 22 апрель куни Париждан бошланди. У қарийб икки ой давомида Италия, Словения, Хорватия, Черногория, Босния ва Ҳерцеговина, Албания, Греция, Иордания, Туркия каби 11 давлатни босиб ўтди.
Асли марокашлик Набил Ан-Насрий Францияда фуқаролик жамияти фаоли, ёзувчи ва таҳлилчи сифатида танилган. У турли ижтимоий муаммолар, хусусан, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва камситишларга қарши кураш билан шуғулланади.
«57 кунлик йўлчиликдан кейин Расулуллоҳ масжидида ибодат қилишнинг фароғати ўзгача! Буни самолётда етти соат учиб келиб ибодат қилишга муқояса қилиб бўлмайди, албатта», – деган франциялик мусулмон Мадинаи мунавварадаги Масжид ан-Набавийда тайёрлаган видеолавҳасида.
Ан-Насрий велосипедда сафарга чиққани сабабини аввало ўтмишда қолган олис зиёрат йўли анъанасини тиклаш нияти билан изоҳлаган. Қолаверса, у экологик тоза уловда саёҳат қилиш орқали халқаро ҳамжамият эътиборини глобал исишга қаратмоқчи эканини таъкидлаган.
Ан-Насрийнинг фикрича, глобал исиш бугун инсоният олдидаги энг жиддий муаммога айланган.
«Ер сайёраси – умумий уйимиз. Уни келгуси авлод учун асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. Табиатни, борлиқни муҳофаза қилиш нечоғли муҳимлигини мусулмон жамиятига тушунтиришни ҳаётий маслак деб биламан. Негаки, глобал исиш моҳияти ва оқибатини ҳамон тўлиқ англаб етганимизча йўқ», – дейди жаҳонгашта мусулмон.
Айни пайтда Саудиянинг Ҳижоз минтақасида ислом динининг беш асосий арконидан бири – Ҳаж амаллари адо этилмоқда.
2019 йилда курраи арзнинг турли ўлкаларидан борган 2,5 миллион мусулмон ушбу фарзни адо этиш бахтига мушарраф бўлган эди. Коронавирус пандемияси сабаб кескин карантин чекловлари жорий этилгач, Ҳажга борувчилар сони мисли кўрилмаган даражада қисқарди. Вазият бироз изга тушгач, 2022 йилда 926 минг киши Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлди. Бу йил эса икки миллиондан зиёд мусулмон муқаддас зиёрат учун жамланди.
Саудия ҳукумати Ҳаж арконлари адо этиладиган Маккаи мукаррама шаҳри, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хавфсизлик чоралари кўрилиб, зарур шароитлар яратилгани ҳақида маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter