Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Еврокомиссия Украинага 50 миллиард еврога қадар кўмак таклиф қилди

Еврокомиссия Украинага 50 миллиард еврога қадар кўмак таклиф қилди

Европа комиссияси Россия босқинига учраган Украинани қайта тиклаш ва оёққа турғазиш учун молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида махсус жамғарма тузишни таклиф қилди. Жамғарма орқали Украинага 2024-2027 йилларда 50 миллиард еврога қадар молиявий кўмак кўрсатилиши режалаштирилган.

«Украина Россия босқинига қарши мардонавор курашмоқда. Бунинг оқибатида юзага келган улкан харажатларни қоплаш учун мамлакат бизнинг барқарор молиявий кўмагимизга муҳтождир. Европа Иттифоқи Украина томонида қанча керак бўлса, шунча вақт туришга ваъда берган. Биз сўзимиз устидан чиқамиз. Бугун биз Украинага агрессияга қарши кураш ва мамлакатни замонавий, фаровон ҳолатга келтириш учун 2024 йилдан 2027 йилга қадар 50 миллиард еврога қадар кўмак имконини кўриб чиқишни таклиф этмоқдамиз», – дейди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен.

Янги дастур Украинанинг макромолиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ЕИга аъзолик йўлидаги ислоҳотларни дастаклашга қаратилган. Бу жараёнда, хусусан, яшил, рақамли ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш қўллаб-қувватланади.

Таклиф этилаётган дастур доирасида Киевга грант ва бошқа шаклда молиявий кўмак тақдим этилади. Уни олиш учун Украина ҳукумати мамлакатни тиклаш ва модернизация қилиш бўйича режа тайёрлаши лозим. Давлат бошқаруви ислоҳотлари, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш мақсадларига алоҳида эътибор қаратилади.

Амалдаги тартибга мувофиқ ушбу ташаббус Европа парламенти ва кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади. У қабул қилинганидан кейин Украина тегишли режа ва ҳужжатларни топшириши мумкин бўлади.

Европа Иттифоқи Россия босқинидан кейин Украинага хайрихоҳлик ва кўмак борасида бирдамлик кўрсатди. 2023 йил май ҳолатига кўра, ЕИ, унга аъзо давлатлар ва Европа молия институтлари Украина халқига 70 миллиард евродан зиёд кўмак кўрсатган. Иттифоқ мамлакатлари уруш бошланганидан буён 4 миллиондан зиёд украиналик қочқинни бағрига олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг