Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон Хитойнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкинми?

Эрон Хитойнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкинми?

Пекин Яман ҳутийлари Хитой кемаларига ҳужум қилса, ҳафсаласи пир бўлишини Теҳронга очиқ-ойдин билдирган.

Хитой раҳбарлари Эрон ҳукуматидан Ямандаги ҳутий исёнчиларини савдо кемаларига ҳужум қилишдан қайтаришни сўраган, чунки бу икки томонлама савдога хавф туғдиради. Бу ҳақда Reuters агентлиги тўрт эронлик манба ва дипломатга таяниб ёзмоқда.

Пекин ва Теҳрон делегациялари ушбу масала бўйича бир неча учрашувлар ўтказдилар, Хитой томони савдога мумкин бўлган зарар ҳақида ҳеч қандай аниқ изоҳ ёки таҳдидлар билдирмади. Манбаларга кўра, Хитой расмийлари, агар уларнинг кемаларига зарар етказилса ёки манфаатларига таъсир қилса, Эрондан жуда ҳафсаласи пир бўлишини очиқ айтган.

Хитой сўнгги ўн йил ичида Эроннинг энг йирик савдо шериги бўлиб келмоқда. Шунга қарамай, Reuters таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги савдо баланси бузилган.

Маълумотларга кўра, Хитой нефтни қайта ишлаш заводлари 2023 йилда Эрон нефтининг 90% дан ортиғини сотиб олган. Бошқа потенциал харидорларга АҚШ санкциялари тўсқинлик қилмоқда, бунинг натижасида Хитой сезиларли чегирма билан олади. Шу билан бирга, Эрон нефти Хитой қайта ишлайдиган нефт миқдорининг атиги 10 фоизини ташкил қилади.

Хитой санкцияларга учраган давлатлар — Эрон, Венесуэла ва Россиядан катта чегирмалар билан нефть сотиб олиб, миллиардлаб долларни тежайди. Бу давлатлар Пекинни хом нефть импортининг деярли 30 фоизи билан таъминлайди.

Эрон ҳутийларни молиялаш ва қурол билан таъминлашда гумон қилинмоқда. Эрон расмийлари бу айбловларни расман рад этган.

АҚШ томони Хитойдан ҳутийларни тийиш учун Эрон устидан ўз таъсиридан фойдаланишни сўради, деди Reuters агентлигига АҚШнинг юқори мартабали расмийлари манбаси.

Аноним манбалардан изоҳ бериш сўралганда, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин «Яқин Шарқнинг самимий дўсти ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, умумий ривожланиш ва фаровонликка интилиш тарафдори» эканини айтди. Пекин январь ойида Қизил денгиздаги тижорат кемаларига ҳужумларни тўхтатишга чақирган, бироқ ўз баёнотида Эрон ёки ҳутийлар ҳақида гапирмаган.

Хитой дунёдаги энг йирик савдо иштирокчиларидан бири сифатида Қизил денгиздаги юк ташишдаги узилишлардан жиддий зарар кўрди ва минтақада барқарорликни тиклаш унинг учун устувор вазифадир. Бироқ, Пекин бу муаммонинг асосий сабабини Исроилнинг Ғазо секторида уруш олиб бораётганида кўрмоқда ва шунинг учун ҳутийларни очиқчасига айбламоқчи эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг