ТИВ ўзбекистонликлардан Эрон-Исроил можаросида турли чақириқларга учмасликни сўраяпти

Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юзасидан Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.
Вазирлик, жумладан, сўнгги кунларда Яқин Шарқ минтақасида, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайиб, қуролли тўқнашувларга айлангани, бу эса нафақат минтақада, балки бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотаётганига эътибор қаратади.
Шу билан бирга, можаронинг авж олиши бутун минтақа барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид солаётгани, тинч аҳоли, айниқса болалар ва аёллар учун оғир оқибатларга олиб келаётгани таъкидланади.
«Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Урушда ғолиб бўлмайди. Энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда.
Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва шундай давом этади. Мамлакатимиз барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келмоқда», – дейилади Ўзбекистоннинг дипломатик идораси мурожаатида.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқаролари «тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позицияси»ни сақлашга чақирилган. Можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туриш умумий бурч эканлиги уқтирилган.
«Шунингдек, фуқароларимизни турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмасликка, ҳолатларга нисбатан ҳиссиёт эмас, балки вазмин муносабатни сақлаб қолишга даъват этамиз. Жамиятимизда миллий ва диний тотувликни сақлаш – умумий барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати эканлигини эслатамиз.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча можаролар халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини яна бир бор таъкидлайди. Тинчлик ва ўзаро ҳурмат асосидаги муносабатлар ҳар доим юртимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади», – дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter