Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Нетаняҳуни Гитлерга ўхшатди

Эрдўғон Нетаняҳуни Гитлерга ўхшатди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ғазодаги ҳаракатлари билан бундан саксон йил аввал Германия нацистлари бошлиғи Адольф Гитлер содир этган хунрезликлар ўртасида фарқ йўқ. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат Фанлар академияси ва Илмий-техник тақдиқотлар кенгаши вакиллари билан учрашувда гапирди.

«Нетаняҳунинг ҳаракатлари Гитлернинг ҳаракатларидан фарқ қиладими? Йўқ. Қайтага, Нетаняҳу Гитлердан бадавлатроқдир. У Ғарбдан ёрдам олмоқда. Америка ҳар жиҳатдан дастаклаётир. Шу кўмак воситасида улар Ғазонинг 20 мингдан зиёд аҳолисини ўлдирди», – деди Эрдўғон.

Туркия раҳбари бор-йўғи 360 квадрат километрда яшаб келган 2,5 миллион аҳоли қирғинбарот домида қолгани, дипломатик саъй-ҳаракатларга қарамай, хунрезлик давом этаётганини афсус билан қайд этган.

Кейинги вақтларда Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШда фаластинликларнинг халқаро ҳуқуқ доирасидаги давлатчилигини ҳимоя қилиб чиққан олимларга нисбатан сиёсий, молиявий босимлар кучаймоқда. Ҳатто нуфузли университетларнинг раҳбарлари ва профессорлари Фаластин ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилгани ортидан ишдан бўшатилмоқда.

Ушбу масалага эътибор қаратган Эрдўғон ҳақиқатни айтгани учун босимга учраган олимлар учун Туркия университетларининг эшиклари очиқ эканини урғулаган.

Сиёсий етакчига кўра, демократия элчилари деб таърифланган халқаро институтлар, оммавий ахборот воситалари Ғазо масаласида ҳақиқатни сабот билан ҳимоя қила олмади.

«Биз бошқа масалаларда баланд овозда хитоб қиладиган ва катта-катта маблағ сарфлайдиган институтлар Исроил ва унинг хунрезликлари масаласига келганда ҳеч ким эмаслигига амин бўлдик», – деди Эрдўғон.

Туркия президенти Ғазода шифохона, мактаб, масжид ва тураржойлар бомбардимон қилинаётгани, 100 дан зиёд журналист ўлдирилганини қоралаган.

Расмий Анқара Тель-Авив маъмуриятининг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин танқиб қилиб келмоқда.

Аввалроқ президент Эрдўғон Фаластинда ҳарбий жиноятлар содир этаётган Исроилни жазолашга ҳаракат қилиши ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, у Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилишини талаб қилган.

Исроил ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан 7 октябрдан буён Ғазода уруш олиб бормоқда. Бомбардимонлар оқибатида 21 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган, 55 мингдан зиёд киши жароҳатланган.

Ғазо аҳолиси ҳаётига қирғин қуролларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли касалликлар хавф солмоқда.

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги дахлсиз саналган масканларга ҳам ҳужумлар уюштирмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш таъкидича, Ғазода бир қарич ҳам хавфсиз жой қолмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг