Дунёдаги энг қиммат тиббий ниқобнинг баҳоси қанча?
Исроиллик заргарлар оқ ва қора жавоҳирлар билан безатилган оқ олтиндан дунёдаги энг қиммат тиббий ниқобни яратиш устида ишлашмоқда. У тахминан 1,5 миллион долларга баҳоланмоқда, дея хабар берди «Haaretz» нашри.
«18 қиротли оқ олтиндан ясалган ниқоб 3600 та оқ ва қора жавоҳирлар билан безатилади ҳамда буюртмачининг хоҳишига қараб олий сифатли N99 фильтри билан жиҳозланади», — деди заргарлик фирмаси хўжайини ва дизайнер Исаак Леви.
Исроиллик заргарларга бундай ниқобни яратишга АҚШда истиқомат қилувчи хитойлик тадбиркор буюртма берган. Буюртмачи ишлаб чиқарувчиларга иккита шарт қўйган: ниқоб йилнинг охиригача тайёр бўлиши ва дунёдаги энг қиммат ниқоб бўлиши зарур. Исаак Леви иккинчи шартини бажариш осонроқ бўлганини тан олди.
Исаак Леви қимматбаҳо тошлар билан қопланган ниқобнинг тайёр қисмларини журналистларга намойиш қилди. Пластиналардан бирида фильтр учун тешик қолдирилган. Жавоҳирлар билан безатилган олтин ниқобни тақиш ноқулайлик туғдириши табиий. Бироқ унинг эгасига ҳамманинг эътиборини жалб этиши шубҳасиз. Заргарнинг баҳолашига кўра, маҳсулот тахминан 270 грамм оғирликда бўлади — бу оддий тиббий ниқобларга қараганда қарийб 100 баравар оғир дегани.
Бундай ниқоб иқтисодий инқироз даврида даромадидан айрилган юз миллионлаб одамларнинг жиғига тегиши табиий, дея тан олди Исаак Леви. Бироқ мазкур буюртма компанияга машаққатли даврни енгиб ўтишига ёрдам берди.
«Ушбу ниқоб бизга етарлича иш берганидан, ходимларимиз қийин даврни бошдан кечираётган бўлишларига қарамай, иш жойини сақлаб қолганидан мамнунман», — дея хурсандчилигини билдирди заргар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter