Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Диктатор ағдарилди, энди нима бўлади? Африкача ўйин қоидалари

Диктатор ағдарилди, энди нима бўлади? Африкача ўйин қоидалари

Фото: «Daily Mail»

2020 йил поёнига етишига ҳали анча бор, бироқ шу ўтган ойларда асрга татигулик бўлмаса ҳам, ўн йилликларга тортадиган тарихни босиб қўйдик. Эпидемиялар, урушлар, инқилоблар... Ғарбий Африкадаги улкан ҳудуди саҳролардан иборат, денгизга чиқиш йўлларидан мосуво Малида эса охирги ярим асрдаги бешинчи давлат тўнтариши юз берди.

Тасаввур қилишнинг ўзи-да оғир: ҳар ўн йилда биттадан инқилоб, охири кўринмайдиган қуролли низолардан тўйиб кетган, аммо қорни оч малиликлар...

Ҳарбийлар исён кўтариб, президент Иброҳим Бубакар Кейтани ағдаришди. Исёнчиларга полковник Камара ва содиқ шериклари — генерал Дембеле ва полковник Дьяу бош бўлишди. Кейтага қўшиб бош вазир Буба Сиссе, ҳатто президентнинг болалари ҳибсга олинди.

Ҳарбий исён етакчилари

Бу бошланиши эди.

Ҳарбий инқилоб Малидаги кўп минг кишилик намойиш ва исёнларнинг аччиқ меваси бўлди. Кейтанинг «тепада узоқ қолиб кетиши» малиликларнинг сабр косасини тўлдирганди. Полиция маҳкамаларига ушлаб олиб кетилган исёнчилар аёвсиз калтакланарди. Худди ҳозир Европа шарқидаги мамлакатда бўлаётгани сингари...

Бўлмади... Охири ҳарбийлар ҳам ўзини боқувчи халқ томонига ўтиб кетди.

Иброҳим Бубакар Кейта. Фото: «Reuters»

«Мен қон тўкилишини истамайман», — деди ҳибсга олинган президент Кейта малиликларга телемурожаатида. «Ҳукумат бунга арзимайди. Минглаб қурбонлар керак эмас. Ваколатимни топшираман», — деди у.

Бу Мали Франциядан мустақилликка эришгандан буён бешинчи давлат тўнтариши. Макрон исённи қоралаб, тутқун қилинган президенти дарҳол қўйиб юборишни сўради. Африка иттифоқи мамлакатлари ҳам шундай талабни илгари суришмоқда.

Аммо ўз халқи собиқ президентдан жуда аламзада. Фақат ўзини ўйлайдиган, тиран, диктатор — мана у ҳақда оддий фуқаронинг фикри. Давлат тепасида турган Кейта бойлик йиғиш билан банд бўлиб, оддий халқни унутиб қўйди. Минглаб одамлар очдан ўлиб кетди. Бир неча ўн йиллардан буён террорчи гуруҳларнинг ўқ овозлари мамлакатга тинчлик берган эмас. Кейта қасамёд маросимида ўзи ваъда қилган бойликларнинг энг қадрлиси тинчликни-да халқига бера олмади.

Халқ ўз қаҳрамонларини олқишламоқда, аммо...  

Ўз президентини ағдарган исёнкор ҳарбийлар энди нима қилишмоқчи? Ҳозирча мавҳумлик...

Айрим экспертлар Малида бир диктатура ўрнига иккинчиси, янада даҳшатлиси ўрнатилишидан хавотирдалар. Зеро, шу пайтгача «Кейта ва Сисселарнинг Камара ва Дембелеларга алмашиши» (худди футболдаги каби) бу ўлкаларда деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаган, ўша ўйин, ўша қоидалар...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг