Давлат тилига ҳурматсизлик қилган раҳбарлар жаримага тортилиши мумкин — Латвия
Латвия Ҳукумати ҳамда Сейми (парламент) маъмурий қонунчиликка ўзгартишлар киритишни бошлади. Бу ҳақда «Regnum» ёзмоқда.
«Press.lv» портали маълумот беришича, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳадеб ўзгартирилаверганидан кўп чалкашликлар бор. Энди ҳукумат қонунни оддийроқ, «тушунарли тил»га ўзгартирмоқчи.
Ана шу ўзгартишлар қонунинг бошқарув, жамоат тартиби ва давлат тилидан фойдаланиш бандларини ҳам қамраб олади.
Янги қонун лойиҳасига кўра, мансабдор шахснинг давлат тилини билиш даражаси меъёрга жавоб бермаса (қонун лойиҳасида бир неча тоифаси кўрсатилган — қуйи, ўртача ва олий) жисмоний шахс огоҳлантирилади (кейинчалик лавозимидан кетказилиш шарти билан) ёки 7 дан 28 еврогача жаримага тортилади, юридик шахс эса (яъни у ишлайдиган ташкилот) 20 дан 140 еврогача жаримага тортилади. Ўша қонун лойиҳасида, шунингдек, мансабдор шахс давлат тилидан етарли ҳажмда фойдаланмаган тақдирда 7 дан 140 еврогача жаримага тортилиши ҳақидаги банд ҳам бор.
Таъкидлаш керакки, Латвиянинг ушбу қонунида илк маротаба янги — «давлат тилига ҳурматсизлик» атамаси қўлланилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter