Дариға Назарбоева ҳам Гулнора Каримова каби қамаладими? Сиёсатшунос жавоб берди
Яқиндагина Қозоғистон парламенти юқори палатаси спикери ва депутати мақомидан маҳрум бўлган Дариға Назарбоеванинг кейинги тақдири борасида турли тахминлар илгари сурилмоқда. Жумладан, унга қарши жиноий иш очилиши ва қамалиши борасида фараз ҳам йўқ эмас. Марказий Осиё минтақаси бўйича мутахассис, сиёсатшунос Аркадий Дубнов Meduza электрон нашрига интервьюсида ушбу масала бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.
Таҳлилчига кўра, Қозоғистон биринчи президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоевага Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова каби жиноий таъқиб ва қамоқ жазоси хавф солмаётир. Қайд этилишича, гарчи икки арбоб сиёсий идора услубида ўхшашликлар кўп бўлса-да, Назарбоев ҳукуматини Каримов бошқаруви билан таққослаб бўлмайди.
«Бу тоифадаги етакчилар ва уларнинг фарзандлари каби Дариғани ҳам бегуноҳ деб бўлмайди. Аммо унга бундай айбловлар қўйилишига ишониш қийин», – дейди таҳлилчи.
Сиёсатшунос А.Дубнов Дариғага нисбатан, умуман, биринчи президент оиласи аъзоларига нисбатан жиноий иш очилишига Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари, Нурсултон Назарбоевнинг садоқатли одами Карим Масимов ҳам йўл қўймаслигига ишора қилган.
Таҳлилчи Қозоғистондаги сиёсий вазият ҳақида гапирар экан, қўшни Тожикистон ва Туркманистонда ҳам ҳукумат алмашинуви хамирдан қил суғургандек осон кечмаслигини таъкидлаган.
«Етакчилар тарихда яхши ном қолдиришни ёки жиллақурса жамғарган бойлигини умрининг қолган қисмида бемалол харжлашни истаса, фарзандларининг ҳою ҳавасини жиловлаши шарт. Бу борада Асқар Акаевни эслаш кифоя. Фарзандлари улғайиб, Марказий Осиё «бош демократи»нинг юзини шувут қилишди, бу ҳол охир-оқибат, 2005 йилда унинг ҳокимиятдан кетказилишига олиб келди... Назарбоев учун ҳам хизматлари эътироф этилиши ва тарихда қоладиган номи тўнғич қизининг ҳою ҳавасидан устунроқдир», – дейди А.Дубнов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фармонига биноан мамлакат парламенти юқори палатаси депутати Дариға Назарбоеванинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Депутатлик мақомидан маҳрум этилиши билан у автоматик равишда спикерлик рутбасидан ҳам айрилди.
Аввал хабар қилганимиздек, мамлакатдаги қудратли шахслардан бири бўлган Дариға Назарбоеванинг кутилмагандан катта сиёсатдан четлатилиши таҳлилчилар томонидан турлича баҳоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter