Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чилидаги намойишларга қарши махсус воситалардан фойдаланилди

Чилидаги намойишларга қарши махсус воситалардан фойдаланилди

Жума кунидан бошланган Чилидаги намойишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги тўқнашувлар олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган тарзда кучаймоқда. Ўша куни кўча жонглёри Франсиско Мартинес полиция қўлида қурбон бўлгач, аҳоли бунга қарши норозилигини бошлаб юборган эди.

Полиция оламонни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув отувчи ҳимоя қурилмаларидан фойдаланди. Ўнлаб кишилар ҳибсга олинди. 5 нафар полициячи жароҳат олди.

Пойтахт округи миллий полицияси вакилли сўзларига кўра, «бу намойиш эмас, балки вандализм ва жиноятдир. Карабинерларимиз (миллий полиция) намойишларга қарши эмас, аммо тартиб бўлиши керак. Тинч эътирозлар бошқа нарса, жамоат ва хусусий мулкка зарар етказиш бошқа нарса. Оддий одамлар осуда ҳаётни яхши кўрашади, беқарорликларни эмас».

Охирги уч йилда Чили хавфсизлик ва барқарорлик борасида анча муаммоларга дуч келмоқда. 2020 йилда бутун мамлакатда 13 618 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, уларнинг 9 мингтаси тартибсизликлар, 2 мингтаси полицияга тўғридан-тўғри ҳужумлардир.

Чили президенти Себастьян Пиньера жонглёр ўлимидан қаттиқ қайғуда эканлигини билдириб, шу билан бирга бундай деди: «Мен жамоат тартибини ҳимоя қилиш борасида тизимли институт
ва олдинги чизиқда юрган полицияни қўллаб-қувватлашимни маълум қиламан
».

Ялпи ички маҳсулот рекорд даражада камайиб кетди

2022 йилга бориб, Халқаро валюта жамғармаси башоратларига кўра, Чилида ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 30 минг долларга етиши ва мамлакат ривожланган давлатлар қаторига кириши кутилаётган эди.

Бироқ пандемия бу режани номаълум муддатга ортга чекинтирди.

«Ўтган йили Чилида ялпи ички маҳсулот 6 фоизга камайиб кетди. Бу сўнгги ўн йилдаги рекорд даражада камайишдир», дейди молия вазири Родриго Серда. 1982 йилда 11 фоизлик пасайишдан буён орадан қирқ йил ўтиб, яна энг юқори салбий кўрсаткич қайд этилиб турибди.

Аввалроқ мамлакат Марказий банки декабрда ойлик иқтисодий фаоллик индекси 0,4 фоизга пасайганини билдирган эди. Ишсизлик эса 8,2 фоизга етди, пандемия сабабли юз минглаб меҳнаткашлар ишдан бўшатилди.

Коронавирус икки томонлама зарба бўлди. Сўнгги 24 соатда яна ковид яна кучайиб, бир кунда 68 та ўлим ҳолати қайд этилди ва жами қурбонлар сони 20 минг нафардан ошди. 3,6 минг янги ҳолат қайд этилиб, беморлар сони жами 800 минг кишига яқинлашди.

Соғлиқни сақлаш вазири Энрике Парис аҳоли аввало ўз соғлиғини ўзи ўйлаши кераклигини, ниқоб тақиши ва масофа сақлаш қоидаларига қатъий амал қилишини талаб қилмоқда.

Параллел равишда эмлаш ишлари тезлашмоқда. 22 февраль ҳолатига кўра, 19 миллион аҳолининг 2,5 миллиони эмлаб бўлинди. Улар Хитойнинг «Sinovac» компанияси дориси билан эмланмоқда. Ҳар қандай жамоат жойлари (университетлар, савдо марказлари, стадионлар, маъмурий бинолар) тезкорлик билан эмлаш марказларига айлантирилгани бунда айниқса қўл келмоқда. Бир пайтнинг ўзида 16 та минтақада 1400 та эмлаш марказлари иш бошлади.

Биринчи галда шифокорлар, ундан кейин кексалар, ўқитувчилар, фармацевтлар ва полиция ходимлари эмланмоқда. Йилнинг биринчи ярмида мамлакат аҳолисининг 80 фоизи эмланиши кутилмоқда.

Аҳоли янги Конституция тарафдори

Ўтган йили октябрь ойида бўлиб ўтган референдумда 80 фоиз чилиликлар Конституциявий конвент тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган эдилар.

Амалдаги Асосий қонун диктатор Аугусто Пиночет даврида қабул қилинган бўлиб, у ҳокимиятдан кетганидан буён 50 бора ўзгартиришлар киритилди. Сайловчилар 155 аъзодан иборат янги Мажлис тузишни маъқулламоқда. Бу орган шу йил апрелдан ўз фаолиятини бошлайди. Янги Конституция конвент томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида қабул қилиниши кутилмоқда.

Асосий қонун мамлакатда катта тезлик билан ўсиб бораётган бойлар ва камбағаллар ўратасидаги тавофутни қисқартириши, соғлиқни сақлаш, таълим ва пенсия ислоҳотларни ўтказишда кўмаклашиши керак. Коммунал тўловлар нархларининг ошиши ҳам уларга маъқул эмас. Туб жой аҳоли манфаатларини ва аёллар ҳуқуқларини илгари суриш ҳам устувор вазифага айланмоқда.

Чилиликлар ўз мамлакатини Лотин Америкасининг бошқа минтақаларида бўлгани каби социал давлатга айланишини истайди ва шу сабабли 2019-2020 йилларда миллионлаб аҳолининг бир неча бор намойишлари бўлиб ўтган эди. Бу чиқишлардан кўплаб иқтисодиёт тармоқлари бир неча миллиард долларлик зарар кўрди. Ниҳоят ҳукумат ён босишга мажбур бўлди ва референдумга розилик билдирган эди.

Дилдора Шомуротова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг