Буркина-Фасода ҳукуматнинг 41 жангчиси пистирмага дуч келиб ҳалок бўлди
Буркина-Фасо ҳукумати томонидан молиялаштирилувчи «Ватан ҳимояси» (VDP) жангчилар отряди мамлакат шимолидаги Лорум вилоятида пистирмага дуч келди. Бу ҳақда «Анадолу» агентлиги хабар берди.
Ҳукумат матбуот котиби Алкассум Маиганинг маълум қилишича, савдогарларни қўриқлаб кетаётган жангчиларга номаълум шахслар пистирмадан ҳужум уюштиришган.
Ҳужум оқибатида отряднинг 41 нафар жангчиси ҳалок бўлди.
Буркина-Фасо президенти Рок Марк Кристиан Каборе мамлакатда икки кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг ноябрь ойида Буркина-Фасода содир этилган террорчилик хуружи оқибатида 58 нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлиши жамоатчиликнинг ҳукуматга қарши қаттиқ ғазабини уйғотганди. Ўшанда намойишга чиққан халқ давлат раҳбаридан истеъфога чиқишни талаб қилган, ҳукуматни террорчиларга қарши муносиб кураша олмаётганликда айблаганди.
Шу воқеалар авжида 8 декабрь куни президент Каборе бош вазир Кристоф Жозеф Мари Дабирени истеъфога чиқарганди.
Малида фаолият юритувчи, «Ал-Қоида ва «ИШИД» билан алоқадорлиги бор террорчи гуруҳлар 2015 йилдан бери қўшни Буркина-Фасонинг шимолий ва шарқий ҳудудларига бот-бот ҳужум уюштириб туради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter