Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу масалада мум тишлаб тура олмаймиз» – Эрдўғон

«Бу масалада мум тишлаб тура олмаймиз» – Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ҳиндистонда бўлиб ўтган G20 етакчилари саммитидан кейинги матбуот анжуманида долзарб масалалар қаторида исломофобия муаммосини ҳам кўтарди.

Сиёсий етакчи кейинги вақтларда Европа мамлакатларида мусулмонларнинг муқаддас китоби намойишкорона ёқилаётганини кескин қоралади.

«Қуръони Каримни полиция ҳимоясида ёқиш очиқ-ойдин провокация, нафратга асосланган жиноятдир. Бу масалада биз асло мум тишлаб тура олмаймиз», – деди Эрдўғон.

Қайд этилишича, Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан «Катта йигирмалик» саммитининг якуний декларациясида муқаддас китобларни таҳқирлашга қарши банд киритилди.

Эрдўғон инсониятнинг муштарак келажаги учун ҳам Исломга душманлик кайфиятига барҳам бериш лозимлигини таъкидлаган.

Туркия исломофобияга қарши курашни ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаган. Расмий Анқарага кўра, бу иллат жаҳон ҳамжамиятини тафриқага солиб, глобал тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда.

Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятни дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашишга чақириб келади. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитидаги нутқида ушбу масалани кўтарган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг