«Бу – демократияга ҳужум демакдир» – Евроиттифоқ долзарб масала бўйича баёнот берди
Бутун дунёда мустақил журналистларнинг овозини ўчиришга уриниш ҳали-ҳамон давом этмоқда, уларга нисбатан таҳдидлар, ҳужумлар камайгани йўқ. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президентлари Жозеп Боррель (у айни пайтда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили саналади) ҳамда Вера Йоурова томонидан 2 ноябрь – Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни муносабати билан берилган баёнотда сўз боради.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2021 йилда 44 нафар журналист ўлдирилди, яна кўплаб ОАВ ходимлари таҳдид ва таъқиб нишонига айланди.
«Мустақил журналистлар сўз эркинлигни ҳимоя қиладилар, барча фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатини таъминлайдилар. Улар демократия ва очиқ жамиятлар қарор топишига ҳисса қўшадилар. Уйда бўладими (Европа Иттифоқи назарда тутилмоқда – С.С.) ёки бутун дунёдами, журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам берилмоғи шарт», – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи маъмурияти ўз ҳудудида журналистларни ҳимоя қилиш тизимини мунтазам такомиллаштирмоқда. Хусусан, жорий йил сентябрь ойида ЕИга аъзо мамлакатлар учун журналистлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсия ишлаб чиқилди. Бу Иттифоқ ҳудудида ОАВ ходимлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган жиддий қадам саналади.
Мазкур ҳужжатда «тўртинчи ҳокимият» вакиллари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар, жумладан, жабрланувчиларга тезкор кўмак кўрсатиш, бу борадаги жиноятларнинг жазосиз қолмаслиги борасида талаблар белгиланган.
«ЕИ 2021 йил мобайнида ҳам журналистлар дунё бўйлаб таҳдидга учраган вазиятларда қатъий баёнотлар беришда давом этди. Юзлаб журналистларга ЕИнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лойиҳалари доирасида кўмак кўрсатилди, кўплаб ОАВ ходимлари касбий билим олиш имкониятидан фойдаланди», – дейилади Еврокомиссия вице-президентлари баёнотида.
Таъкидланишича, мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш, мураккаб шароитда фаолият юритаётан соҳа вакиллари касбий кўникмаларини оширишга бундан кейин ҳам жиддий эътибор қаратилади.
«Биз, қаерда бўлишларидан қатъи назар, журналистларга елкадошмиз ва уларни ҳимоя қиламиз. Биз мустақил ва ранг-баранг медиа муҳитини қўллаб-қувватлаш, ҳамкор-ҳамфикр, чегаралар ошган журналистикани дастаклаш ҳамда ОАВ эркинлиги бузилишига қарши курашни давом эттирамиз. ОАВ эркинлиги ва плюрализмсиз демократия ҳам бўлмайди. ОАВга ҳужум демократияга ҳужум демакдир», – дейилади Жозеп Боррель ҳамда Вера Йоуроваларнинг қўшма баёнотида.
Европа комиссияси ЕИ ҳудудида сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратмоқда. Бу борадаги қонунчиликка янада мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йили Европада ОАВ эркинлигига доир қонун лойиҳаси тақдим этилиши кутилмоқда. ЕИнинг 2022-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича ҳаракатлар стратегиясида ҳам ОАВ ходимлари хавфсизлиги масаласи эътибордан четда қолмаган.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош ассамблеяси 2013 йилда 68/163-сонли резолюция асосида 2 ноябрь санасини Халқаро журналистларга қарши жиноятларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш куни деб эълон қилган.
Мазкур сана танлангани бежиз эмас. 2013 йилнинг 2 ноябрида Малидаги қуролли можароларни ёритаётган франциялик журналистлар – Гислен Дюпон ва Клод Верлон жангарилар томонидан ўлдирилган эди. БМТ ўз резолюциясида дунё мамлакатларини журналист ва ОАВ ходимларига қарши жиноятларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш, айбдорларни қонуний жазолашга чақирган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter