Британия бош вазирининг қайнонаси юқори мансабни эгаллайди
Ҳиндистон президенти Риши Сунакнинг қайнонасини мамлакат парламенти юқори палатасига номзод қилиб кўрсатди. Бош вазир Нарендра Моди бу қарорни қўллаб-қувватлаб, Судҳа Муртининг хайрия ва таълим соҳасидаги ютуқларини эътироф этди.
Ҳиндистон президенти Драупади Мурму Судҳа Мурти номзодини Ҳиндистон парламентининг юқори палатасига (Ражя Сабҳа) илгари сурди, деб ёзади Ҳиндистоннинг The Week журнали. Бу хоним Британия бош вазири Риши Сунакнинг қайнонасидир.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бу қарорни қўллаб-қувватлади. «Ҳиндистон президенти Судҳа Мурти номзодини Ражя Сабҳага кўрсатганидан хурсандман. Судҳа хонимнинг турли соҳаларга, жумладан, ижтимоий соҳа, хайрия ва таълимга қўшган ҳиссаси жуда катта ва илҳомлантирувчи», деди у.
Судҳа Мурти – ёзувчи, Murty жамғармасига раиси. У 2006 ва 2023 йилда давлат мукофотларини олган. У, шунингдек, Ҳиндистондаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи TATA Engineering and Locomotive Company (TELCO) томонидан ёлланган биринчи аёл муҳандис эди.
Ёзувчи аёл бизнесмен Нараяна Мурти билан турмуш қурган. У электрон тижорат ва телекоммуникация бизнеси учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи Infosys компаниясининг ҳаммуассиси ҳисобланади. Уларнинг модельер қизи Акшата Мурти Британия бош вазири Риши Сунакка турмушга чиққан.
Forbes маълумотларига кўра, Нараяна Мурти бойлиги 4,7 миллиард долларни ташкил этади. У бошланғич капитални - 10 минг рупийни (ҳозир 120,6 доллар) рафиқаси Судҳадан олган.
Ҳиндистон парламентининг юқори палатасида 245 ўрин мавжуд бўлиб, улардан 238 таси штат ва иттифоқ ҳудуди қонун чиқарувчи органлари томонидан сайланади. Президент санъат, адабиёт, фан, жамоат ва ижтимоий фаолиятдаги алоҳида хизматлари учун 12 нафар депутатни шахсан тайинлаши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter