Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Британия бош вазири совға сифатида берилган мусаллас ва икрани ғазнага топширишга мажбур бўлди

Британия бош вазири совға сифатида берилган мусаллас ва икрани ғазнага топширишга мажбур бўлди

Фото:«Getty Images»

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонга совға сифатида берилган мусаллас, зайтун ёғи ва икра мусодара қилинди. The Independent нашри хабарига кўра, ҳукумат кодекси ана шундай қатъий тартибни тақозо этади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, Борис Жонсон қимматбаҳо ручка, расм, ҳайкал ва футуристик ўйин мосламасини ҳам ғазнага топширишга мажбур бўлган. 

Гап шундаки, инглиз ҳукумати аъзолари 140 фунт стерлингдан ортиқ қийматда совға-салом олиши тақиқланади. Мазкур суммадан ошган барча инъомлар бюджет фойдасига мусодара этилади.

Коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган чекловлар Буюк Британия иқтисодиётига кучли зарба бермоқда. Миллионлаб иш ўрни қисқариши ва қироллик сўнгги юз йилда илк бор жиддий иқтисодий инқирозга дуч келиши кутилмоқда.

Молиявий танглик сабаб ҳукумат харажатлари камайтирилиши тарафдори бўлган аҳоли сони ошиб бормоқда. Daily Mail хабарига кўра, жорий йил ёзда ўтказилган ижтимоий сўровларда респондентларнинг 75 фоизи Буюк Британия бош вазирининг маоши қисқартирилиши лозимлигини талаб қилган.

Сўровда қатнашган аҳолининг аксар қисми бош вазир Лондон ҳокими Содиқ Хондан ўрнак олиши лозимлигини талаб қилган. Лондон раҳбари пандемия сабаб маошини 10 фоизга камайтирган ва ҳокимлик ходимлари иш ҳақини оширишни вақтинча тўхтатган эди.

Буюк Британия ҳукумати раҳбарининг ойлик маоши ўртача 12800 фунт стерлингни (йиллик – 154 минг фунт) ташкил этади. Мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи 2200 фунт экани инобатга олинса, ҳукумат раҳбари ўртача кўрсаткичдан 5-6 баравар кўп даромад қилади. Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 2008-2016 йиллари, Лондон ҳокими вазифасида ишлаган кезлари америкалик тадбиркор аёл Женнифер Аркури билан ишқий муносабатда бўлгани ошкор бўлган эди. Б.Жонсон бунинг эвазига Женнифер Аркурининг бизнес фаолиятига молиявий кўмак кўрсатиш ва пойтахт бюджетини талон-торож этишда айбланган эди. Текширувлардан кейин полиция Б.Жонсон маъшуқасига ноқонуний кўмак кўрсатмаган деган хулосага келган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг