Бугун: Халқаро китоб совға қилиш куни

14 февраль ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмига ҳамоҳанг яна бир ажойиб кун бор. Бу бутун дунёда нишонланадиган Халқаро китоб совға қилиш куни. Бу китобларнинг таълим бериш, кўнгил очиш ва илҳомлантириш қудратини кўрсатадиган байрамдир.
Халқаро китоб совға қилиш куни мутолаага бўлган меҳр ва китобхонликни ошириш мақсадида 2012 йил адабиётга иштиёқманд шахсларнинг оммавий ҳаракатлари сифатида бошланган.
Хўш, ушбу кунда сиз китобхонликни кучайтиришга қандай ҳисса қўшишингиз мумкин?
Китоб совға қилинг: ўзингиз ёқтирган ёки бошқа бировга ёқади деб ўйлаган китобни танланг. Бу янги ёки яхши сақланган китоб бўлиши мумкин. Агар хоҳласангиз, самимий дил сўзларингизни ёзинг, уни дўстингизга, оила аъзонгизга, ҳамкасбингизга ёки жамоангиздаги ёшларга беринг.
Китобларни хайрия қилинг: Китобларни маҳаллий кутубхоналарга, мактабларга, меҳрибонлик ва мурувват уйларига ёки жамоат марказларига совға қилишни ўйлаб кўринг. Сизнинг ҳиссангиз бошқаларнинг адабиётга меҳр қўйишига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда баҳам кўринг: Халқаро китоб совға қилиш куни ҳақида хештеглардан фойдаланинг, ижтимоий тармоқларда китоб совға қилиш тажрибангизни баҳам кўринг. Бошқаларни ташаббусга қўшилишга унданг.
Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни муносабати билан буюк зотнинг ҳаёти ҳақидаги китобларни ҳадя қилиш ҳам энг ажойиб ва унутилмас совға ҳисобланади.
Шундай экан, келинг, 14 февраль куни китобсеварлар сифатида бирлашайлик ва китобхонлик қувончини баҳам кўрайлик. Китоб совға қилинг ва адабиётга муҳаббатни ёйинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter