Британия бош вазири «Путин қотилми?» деган саволга жавоб берди
«Катта еттилик» саммити давомида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Россия раҳбари Владимир Путин шахсига оид қалтис саволга жавоб беришига тўғри келди.
«(АҚШ раҳбари) Жо Байден президент Владимир Путин билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда. Маълумки, президент Байден Путинни қотил деб ҳисоблашини айтган эди. Сиз-чи, Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деб савол берди СNN мухбири Кларисса Уорд. Инглиз ҳукумати раҳбари кескин жавоб беришдан ўзини тийгани ҳолда, Путин қотилликларга рухсат берганини қайд этди.
«Мен президент Путин номақбул қилмишларга қўл урган деб ҳисоблайман. У Солсберида амалга оширилган ва бегуноҳ британ фуқаросининг ўлимига сабаб бўлган заҳарлашга буйруқ берганига ишончим комил (2018 йил 4 март куни Солсбери шаҳрида Британия махсус хизмати фойдасига ишлаган собиқ рус разведкачиси Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши назарда тутилмоқда – таҳр.). Ўшанда Скрипалларни заҳарлашга уриниш рўй берган эди. У ўзининг бош мухолифи Алексей Навальнийга қандай муносабатда бўлаётганини кўряпсиз-ку! Сохта айблов билан қамоққа ташланган Навальний қийноққа тутилмоқда», – деди Борис Жонсон.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида АҚШ президенти Жо Байден ABC телекомпаниясига берган интервьюсида журналист Жорж Стефанополуснинг «Cиз Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» деган саволига бироз тараддуддан кейин «ҳа» деб жавоб қайтарган эди.
Дарвоқе, куни кеча NBC телеканали орқали анонси эфирга узатилган интервьюда бу саволга Владимир Путиннинг ўзи ҳам жавоб берган.
Кремлда уюштирилган суҳбат асносида АҚШ тележурналисти Кейр Симмонс В.Путиндан унга қўйилган қотиллик айби юзасидан муносабат сўраган. Путин дастлаб гапни узоқдан олиб келишга уринади, аммо журналист саволни яна қайтаргач, «Ўз фаолиятим давомида турли томонлардан уюштирилган турфа ҳужумларга кўникиб ҳам кетдим. Бу ҳужумлар турли сабабларга, турли даража ва сифатга эга. Мен уларнинг бирортасидан ҳайратга тушмайман», – дея тагмаъноли мулоҳаза юритади Россия раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter