Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойларга ҳам бало урмоқда: россиялик олигархлар 28 миллиард доллардан айрилди

Бойларга ҳам бало урмоқда: россиялик олигархлар 28 миллиард доллардан айрилди

Фото: «Известия»

Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги хабар геосиёсатни ағдар-тўнтар қилгани маълум. Ушбу хатарнок мужда бутун дунё, хусусан, Россия биржаларига ҳам кучли таъсир кўрсатмоқда. «Forbes» журналига кўра, Украина билан боғлиқ танглик сабаб россиялик олигархлар 2021 йил 20 декабрдан январь охирига қадар биржадаги нарх қулаши сабаб 28 миллиард доллардан мосуво бўлди.

Сиёсий буҳрон ортидан молиявий зарар кўрган бойлар орасида етмишдан зиёд ном қайд этилган. «Новатэк» ва «Сибур» компаниялари эгаси Леонид Михельсон бир ой ичида 2,1 миллиард долларни бой берган. «Новатэк» ва «Сибур» компаниялари директорлар кенгаши аъзоси Геннадий Тимченко 1,9 миллиард долларнинг баҳридан ўтишига тўғри келган. Шунингдек,  «Полюс» олтин ширкатини назорат қилувчи Сулаймон Керимов 1,8 миллиард, «Северсталь»  компанияси эгаси Алексей Мордашов 1,7 миллиард,  «Arrival» электромобиль ширкати асосчиси Денис Свердлов 1,6 миллиард доллар зарар кўрган.

Украинага эҳтимолий ҳужум Россия фонд бозорида нархларнинг қулашига олиб келди, рубль доллар ва еврога нисбатан сезиларли даражада қадрсизланди. Таҳлилчилар январь ойи Россия фонд бозори учун сўнгги 2 йилдаги энг ёмон муддат эканини айтмоқда.

«РБК» нашрига кўра, 18 январь куни энг жиддий пасайиш кузатилди: молия бозори 15 фоиз ўсишни бой берди. Пасайиш тенденция кейин ҳам давом этди. 

АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, Вашингтон ҳамда унинг иттифоқчилар Москвага нисбатан мисли кўрилмаган иқтисодий жазо чоралари қўллашини маълум қилган. 

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ҳам Украинага эҳтимолий ҳужум оқибатларини баҳолади.

«Аввало айтиш керакки, Ғарбни Украина ва қадриятлар эмас, нефть нархи кўпроқ ташвишга солмоқда. Агар ҳужум амалга ошса, бир неча кун ичида нефть таклифи қисқаради ва котировкалар 150 долларгача етиши мумкин. Нефть нархининг кескин кўтарилиши тикланаётган иқтисодий ўсишни яна секинлаштиради ва ҳатто манфий кўрсаткичгача туширади. 2021 йилдаги инфляция рекордлари янги максимумларгача кўтарилади», – деб ёзади мутахассис.

О.Бакировнинг таъкидлашича, бу жараён глобал капиталнинг ривожланаётган давлатлардан АҚШга кўчишини ҳам тезлаштиради.

«Россияга қарши қўлланадиган санкциялар фонд бозорларида мисли кўрилмаган стресслар яратади. Глобал капиталнинг ривожланаётган давлатлардан хавфсиз ҳудудга – АҚШга кўчиши янада тезлашади. Учинчи эшелондаги давлатларнинг валюталари энг кўп жавр кўради», – деб ҳисоблайди у.

Хабарларга кўра, Россия Украина билан чегара ҳудудларда 100 минг аскарни сафарбар ҳолга келтирган. АҚШ, Буюк Британия ҳамда НАТО Кремль Украинага бостириб киришни режалаштирмоқда деб ҳисоблайди. Украина маъмурияти ҳам шундай фикрда.

Москва эса ҳужум ҳақидаги баёнотларни рад этмоқда. 

АҚШ маъмурияти Украинага ҳужум Россия учун ҳалокатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

Кузатувчиларга кўра, йирик сармоядорлар ҳозирданоқ уруш ҳиди келаётган ҳудуддан йироқроқ бўлишни маъқул кўрмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг