Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бой ер»даги даҳшатли қамоқхонадан светофорсиз кўчаларгача (сафар хотираларидан)

«Бой ер»даги даҳшатли қамоқхонадан светофорсиз кўчаларгача (сафар хотираларидан)

Фото: Thailand-good.ru

Бу мақол нечоғли ҳақиқатга яқинлигини ростдан ҳам мириқиб дам олганлар яхши билади. Айниқса, дам олишга отланганда ёнидаги ҳамроҳни тўғри танлай олган одам саёҳатдан икки карра кўпроқ роҳат-мароқ олиб қайтади. Аслида боридаги жойингизнинг ҳашаматлилиги, у ердаги шароитлару ноз-неъматлардан кўра ўша ёнингиздаги ҳамроҳларингиз билан қанчалик тил топишиб, кўнглингиз хотиржам бўлса, майда камчиликлар, дилхираликлар ҳам ўз таъсирини кўрсата олмайди.

Мен дам олишга одатда оила аъзоларим билан чиқаман. Бу йилги таътил кунлари ҳам қисқа бўлишига қарамай, жуда сермазмун ва файзли кечди.

Вьетнам давлатининг Фукуок оролидан орттирган таассуротларим, бу оролда кўп китобларда, интернет манбаларида ёзилмаган бошимдан кечирган саргузаштлар билан бўлишмоқчиман.

Вьетнам Социалистик Республикаси – Жануби-шарқий Осиёда, Ҳиндихитой ярим оролида жойлашган, 331,2 минг квадрат километр ҳудудга эга давлат. Бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга. У Лаос, Камбоджа ва Хитой давлатлари билан чегарадош. Вьетнам пул бирлиги донг деб аталади. Пойтахти – Ханой шаҳри.

Қизиғи бу ерда дин ва давлат бир-биридан ажралган, атеизм ҳам кенг тарқалган бўлишига қарамай, маҳаллий аҳоли анимистик маданиятларга –аждодларнинг руҳи уларни доимо кузатиб боришига ишонар экан. Олис қишлоқларида ҳатто бугунги кунга қадар уларни ўз уйларида кўмиб, маълум вақт ўтгандан сўнг қабрни очиб, барча суякларни йиғиб олиб, махсус идишларга солиб, асраб-авайлаб олиб қўйишар экан. Акс ҳолда, уларнинг руҳлари безовта бўлиб, тирикларни таъқиб қилиб боради, деган қатъий ақидага ишонишади. Бундан ташқари, буддавийлик ҳам аҳоли орасида кенг тарқалганини у ердаги ибодатхоналарнинг гавжумлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Фукуок Вьетнамнинг энг катта ороли бўлиб, ҳудуди 593 квадрат километрга тенг. Таржимаси «бой ер» деган маънони англатади. Балиқ соуси ва қора мурч ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Яқиндан бошлаб илк марварид фермаси иш бошлади.

Кўп йиллар ёпиқ ҳудуд саналиб келган оролларга хорижий сайёҳларнинг бир ойгача визасиз кириши учун 2014 йил мартдан бошлаб Вьетнам ҳукумати рухсат берди.

Шу боис сўнгги йилларда бу ерда туризм соҳаси кенг тараққий этмоқда.

Бетакрор ва гўзал оролни тахминан уч қисмга ажратиш мумкин. Шимолий, Жанубий ва Марказий Фукуок. Шимол ва жанубда туристлар учун шинам меҳмонхоналар ва барча қулайликлар яратилган бўлса, Марказий қисми маҳаллий аҳоли билан гавжум бўлиб, кундалик ҳаёт қайнайди.

 

Очиқ юзли ва пок қалбли инсонлар...

Камбоджа қирғоқларидан жанубда жойлашган Фукуок ороллари континентал Вьетнамнинг энг яқин Хатъена шаҳрига қадар 40 километр масофада қўним топган. Учбурчаксимон шаклдаги орол шимолдан жанубга 50 чақирим, шарқдан ғарбга қараб 25 километр кенгликда ястаниб ётибди. Энг баланд нуқтаси Чуа тоғи бўлиб, 603 метр. Мезозой ва кайнозой даврида шаклланган оролда бугунги кунда 100 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Фукуок аҳолиси бўйи нисбатан паст бўлиб, менда хушмуомалалиги, очиқ юзли ва пок қалбли инсонлар сифатида хотирамда муҳрланиб қолди.

8 кун давомидаги қизиқарли саёҳатимиз чоғида кўчада жанжаллашган, бир-бирига бақирган ёки қўполлик қилган, транспортда йўл бермасдан сигнал чалган маҳаллий аҳолини учратмадим. Фукуокда светофорлар йўқ. Борлари ҳам энг серқатнов чорраҳаларда онда-сонда учраб турар экан. Феъли кенг, доим нимтабассум билан юрадиган одамлар бир-бирига осон йўл бериб, ҳаракат иштирокчиларини секин ўтказиб юборишар экан.

Маҳаллий аҳолининг чет тилларини билиш даражаси анча паст, ҳаттоки меҳмонхоналарда ҳам равон ва тушунарли инглиз тилида сўзлашадиган одамни топиш қийин. Шунинг учун бу муаммонинг энг осон ечими онлайн таржимондан фойдаланиш орқали айтмоқчи бўлган фикрингизни етказишдир.

Гарчи ҳозир улар жуда хушмуомала, меҳмондўст ва юмшоқ табиатли бўлишига қарамасдан, тарихда вьетнамликлар тўрт маротаба бошқа давлатлар (хитой, мўғул, француз ва америкаликлар) мустамлакасидан озод бўлиб чиқа олган. Бу ҳам уларнинг миллат сифатида қанчалик жипс ва аҳил, ватанпарвар эканлигини исботлайди.

 

Чеклов – кунига 200 АҚШ доллари...

Фукуок оролидаги меҳмонхоналарни икки тоифага ажратишимиз мумкин. Шимол ва Жанубдаги кўркам ва ҳашаматли, беш юлдузли меҳмонхоналар ҳамда марказдаги минглаб турли ўлчамдаги ва сифат даражасидаги меҳмонхоналар. Агар оролда мазза қилиб ҳордиқ чиқараман десангиз, шаҳар марказидаги меҳмонхоналарни танлашни тавсия этишмайди. Чунки кўчалар озодалиги, сервис талабга у қадар жавоб бермайди.

Фукуок оролида таомлар асосан балиқ, товуқ гўштидан тайёрланиб, ранг-баранг кўкатлар ишлатилади. Мол гўштидан тайёрланган таомларни бу ерда истеъмол қилишга шошмаганингиз маъқул. Чунки одатда бундай гўштлар музлатилган бўлиб, сифатини юқори деб бўлмайди.

Миллий таомлардан яна бири – Фо бо шўрваси экан. У гуруч унидан тайёрланган лапша, кўкатлар ва ингичка қилиб тўғралган мол гўштидан иборат. Фукуоклар нонуштага ушбу хуштаъм таомни севиб истеъмол қилишади. Бу таом учун шўрва соатлаб қайнатилгани боис, маҳаллий аҳоли уни уй шароитида тайёрлашдан кўра, кўпроқ тамаддихоналарда, жамоа бўлиб истеъмол қилар экан. Менга жуда ёқди.

Биз жойлашган беш юлдузли меҳмонхона «Vinpearl Resort and Spa» меҳмонхонаси жуда чиройли, тоза, ҳар томонлама шинам бўлиб, ўзининг алоҳида пляжи, кенг бассейнига эга. Меҳмонхонада туристлар учун барча шароитлар мавжуд бўлса-да, хизмат кўрсатиш сифатини анча ислоҳ қилишга муҳтож. Қолаверса, меҳмонхонада валюта айирбошлаш учун доим маблағ танқислиги мавжуд. Буни меҳмонхона ходимлари ҳар бир хона учун кунлик 200 АҚШ доллари миқдорида лимит ўрнатгани ҳам тасдиқлайди.

 

Ҳайвонот боғи – оролнинг дурдонаси

Дам олишга келган ҳар бир одам албатта Vinpearl Safari ҳайвонот боғи, Wonderland кўнгилочар парки, GrandWorld афсоналар дунёси, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ва умумий узунлиги 8 километр бўлган канат йўлига ташриф буюради.

Бу ердаги ҳайвонлар учун ҳақиқий табиат қўйнидаги шароитлар яратиб берилган. Ёввойи ҳайвонларни кўриш учун махсус автобусда, икки босқичли хавфсизлик панжаралари орқали кириб, томоша қилиш имконияти мавжуд. Жониворларга бой масканнинг муҳташамлигини тасаввур қилишингиз учун ҳайвонот боғини тўлиқ айланиб чиқишга бир кун сарфланишини айтиб ўтмоқчиман.

Агарда экстремал шароитларда саёҳат қилишни ёқтирсангиз, бу ерда дайвинг, снорклинг учун ҳам алоҳида турлар тақдим этилади. Манзилингиз сўнгида кичик ороллардан бирида денгиздан тутилган янги балиқлардан пиширилган тансиқ таомлардан тановул қилишингиз ҳам мумкин. Энг асосийси, сиз тинимсиз денгиз чайқалишини кўтара олсангиз бас.

Одамларнинг айтишича, орол учун ҳамон Камбоджа билан зиддият мавжуд. 1975 йил 1 майда қизил кхмерлар бўлинмаси оролни эгаллаб олади ва талайди. Аммо Вьетнам уни тезда қайтариб олади. Бу кампучийлар ва Вьетнам ўртасида зиддиятга сабаб бўлади. 1982 йил июлда икки давлат ўртасида битим имзоланганига қарамай, оролга эгалик бўйича баҳслар доим кўтарилиб туради.

Кичик тадбиркор солиқдан озод

Фукуокда маржондан тақинчоқлар сотувчи бир нечта расмий дўконлар тармоғи мавжуд экан. Одатда у ерга сизни трансфер қўярда қўймай, алдаб бўлса ҳам дўконга олиб боради. Даллол нега бунча жонсарак ва ҳаракатчан эканини кейин билдик. Ҳар бир олиб борган мижози нарса харид қилса, бу ерда унга шу заҳотиёқ фоиз тўланаркан.

Орол аҳолисининг ўртача ойлик даромади 200-300 АҚШ долларини ташкил қилади. Аҳоли яшаш уйлари асосан қашшоқ даражада. Кўчаларни тозалаш хизматлари жуда суст ишлашига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳукумат вакиллари оддий аҳоли оёққа туриб олиши учун солиқларни бекор қилган экан. Яъни кичик дўконлар очган, майда хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи шахслар ҳеч қандай солиқ тўламайди.

Вьетнамнинг ҳуқуқий тизими бу ернинг маҳаллий урф-одатларига турли босқинлар натижасида бошқа давлатларнинг таъсирида шаклланган.

Қонунчилик кодификацияланган, ўз Конституцияси ва қонунлари мавжудлиги билан бирга, олис ҳудудлардаги чекка қишлоқлар аҳолиси ўз урф-одатлари ва анъаналарига амал қилиш, улар орқали ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга Асосий қонунда рухсат берилган.

Ҳуқуқий манбаларга Конституция, қонунлар, Миллий мажлис қарорлари, Миллий мажлис доимий қўмитасининг фармон, декрет ва қарорлари, мамлакат Президентининг буйруқ ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳукумат қонуности ҳужжатлари киради.

«Кокос қамоқхонаси» – дўзахнинг намунаси...

Фукуокнинг Жанубий қисмига саёҳатимиз давомида машҳур «Кокос қамоқхонаси»га cаёҳат қилдик.

Бу қамоқхона 1953-1975 йиллар давомида фаолият юритган. 1973 йили бир вақтнинг ўзида 40 мингдан зиёд маҳбусни, асосан ҳарбий асирларни сақлаган даҳшатли жой бўлган. Бу ерда кундалик азобловчи қийноқлар, таҳқирловчи жазо чоралари кенг қўлланилган. Қамоқхонанинг бир қисми авлодларга ўтмишдан мудҳиш хотира сифатида сақланиб қолиниб, инсонлар ўртасида одамийликни сақлаш, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни асраб-авайлаш учун жонли музей сифатида қайта ташкил этилган.

Маҳаллий гиднинг айтишича, бу қамоқхона Вьетнамга французлар бостириб кирган даврда бунёд этилган бўлиб, у ерда маҳбуслар мисли кўрилмаган қийноқларга дучор қилишган. Кейинчалик, Вьетнамдаги ички урушда марказий ҳукумат томонидан фойдаланилган.

Бундай ғайриинсоний шароитларга чидолмаган маҳбуслар қамоқхонадан қочиш мақсадида қошиқ, мих ва бошқа қаттиқ буюмлар ёрдамида баракларидан бирида туннель қазишни бошлаган экан. Маъмуриятни кўзини шамғалат қилишга эришган маҳбусларнинг 21 нафари қочиб кетишга муваффақ ҳам бўлган. Ана шу қочиш йўлаги қамоқхонада ҳанузгача сақланиб қолган. Жазо муддатини ўтаётган одамларнинг озодлик истаб қочаётган ҳайкаллари ясалган ва уларнинг хатти-ҳаракатлари беихтиёр кўз ўнгингизда намоён бўлади.

Бундай таъсирчан ва ибратли сайёҳлик йўналиши тинчлик-тотувлик неъмати қадрини, қийноқларсиз жамият афзаллигини, барчанинг ҳуқуқлари ва эркинликлари озод юртда яшаш саодати қадрини менга яна бир бор идроким призмасидан ўтказди.

Сиам бўғозида жойлашган, атрофида яна 21 та кичик оролчаларни ўзида бирлаштирган Фукуок ўзининг майин об-ҳавоси, бетакрор табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ширин меваларию турли бўстон манзиллари билан хотирамда қолди.

Шаҳзода

Xabar.uz учун махсус

Тошкент – Фукуок – Тошкент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг