Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бишкекдаги тунги воқеаларда 29 киши тан жароҳати олди

Бишкекдаги тунги воқеаларда 29 киши тан жароҳати олди

Бишкекда 17 майдан 18 майга ўтар кечаси содир бўлган воқеаларда 29 киши жабрланди. Бу ҳақда «Кабар» нашри хабар бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 17 майдан 18 майга ўтар кечаси тез тиббий ёрдам бригадаларига 29 киши мурожаат қилган, улардан 15 нафари шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси ва Миллий госпиталга етказилган, қолганларига жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.

18 май куни эрталаб шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасида икки нафар бемор бўлган. Ташхис: ёпиқ бош-мия жароҳати, мия чайқалиши. Беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли деб баҳоланмоқда. Бир жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилгач, амбулатор даволанишга жўнаб кетган.

Бишкекдаги тунги воқеаларга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам ўз муносабатини билдирди.

Унга кўра, пойтахтда йиғилган 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган 700 нафарга яқин ёшлар Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Миср ва бошқа давлатлардан келаётган муҳожирлар сони ортиб бораётганидан хавотир билдиришган.

Ташиев бу талаблар маълум даражада тўғри эканини таъкидлади.

«Бизда мигрантлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича статистика мавжуд. Буни асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари қилади. Шу тариқа, 1500 дан ортиқ покистонлик ва 1000 дан ортиқ Бангладеш фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Биздаги маълумотларга кўра, 5 мингга яқин хорижлик қонунларимизни бузган, шундан 1360 нафари покистонлик, 1300 нафари бангладешлик, қолганлари эса бошқа давлатлардан», — деди у.

Ташиев, шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чет эллик қонунбузарларни аниқлаш ва уларни республикадан чиқариб юборишда давом этишини таъкидлади.

«Кеча ҳуқуқ-тартибот идоралари йиғилганларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмади, характерни кузатдик, иштирокчиларнинг ёмон ниятлари йўқ, аммо улар орасида мессенжерлар орқали ҳокимият ва давлат тизимига қарши норозиликни қўзғатувчи провакаторлар ҳам бор эди. Уларнинг шахси аниқланган ва барчаси жавобгарликка тортилади. Тўпланганлар орасида қуролли одамлар ҳам бор эди. Давлат органлари мамлакатнинг ҳар бир фуқароси хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз вазифаларини аниқ бажаради. Бизда барча масалалар сиёсий йўналишга ўтса, уларни ҳал қилиш учун куч ва имконият бор», — деди у.

Ўз навбатида, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Бишкек шаҳрида вазият барқарор ва полиция тўлиқ назоратида эканини маълум қилди.

Полиция маълумотларига кўра, Чуй ва Карманжон Датки кўчалари чорраҳасида ўтказилган митинг чоғида номаълум шахслар мессенжер гуруҳлари орқали муштлашувда қурбонлар борлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатган. Фуқароларни чет эллик талабаларнинг яшаш жойларида (ётоқхоналарида) тўпланишлари ҳам фаол тарғиб қилинган.

Пойтахт полицияси кучайтирилган режимда ишлади.

 

Айни дамда митингнинг барча иштирокчилари тарқаб кетишган, Қирғизистон Республикаси фуқаролари ва хорижликлар орасида ҳалок бўлганлар йўқ.                                                                                                                              

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг