Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир президентга қирқ ҳунар оз. Давлат раҳбарларининг антиқа қизиқишлари ҳақида

Бир президентга қирқ ҳунар оз. Давлат раҳбарларининг антиқа қизиқишлари ҳақида

Фото: «oxu.az»

Дунё давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳам оддий одамлар каби антиқа қизиқишу ғайриоддий ҳоббиларга эга. Бирови хоккей деса ўзини томдан ташлайди, бошқаси бўш вақтларида азза-базза картошка етиштиради, яна бошқа бири рэп айтиб хумордан чиқади...

Гольф «жинниси»

АҚШ президенти Дональд Трамп гольфнинг ашаддий мухлиси ўлароқ ном чиқарган. Узунқулоқ гапларга қараганда, ҳатто Оқ уйда ҳам президент вақти-вақти билан машқ қилиб туриши учун симулятор ўрнатилган. Қўшма Штатлар етакчиси гоҳида ҳамкасблари билан муҳим сиёсий масалаларни ҳам ўйин устида муҳокама қилишни афзал билади.  

Фото: «usatoday.com» 

Миллиардер президентнинг бир неча шахсий гольф клуби ҳам бор. Ушбу клублар гоҳ-гоҳида эгасига бошоғриқ ҳам келтириб туради. Масалан, жорий йил январда матбуотда президентга тегишли гольф клубларида ноқонуний муҳожирлар ишлаётгани ҳақида мақола чоп этилди. Танқидларга беписанд сиёсатчи бу гал ҳам матбуотнинг фош этувчи мақоласини юрагига яқин олиб ўтирмади.

АҚШ етакчисининг яна бир ғайриоддий қизиқиши – картина йиғиш. Албатта, суврат йиғиш дунё бойлари орасида кенг ёйилган. Шундай экан, бунинг ғайриоддийлиги нимада? Гап шундаки, бошқа давлатмандлардан фарқли ўлароқ Д.Трамп асосан ўзи тасвирланган картиналарни йиғишга ишқибоз.

Дарвоқе, тиниб-тинчимас миллиардер Оқ уйга келгунга қадар фильмларда суратга тушишга ҳам қизиққан, бош роллар бўлмаса-да, кичикроқ персонажларни ўйнаган.  

Болливудга ошуфта бош вазир

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон бўш вақтларида лотин ва қадимги юнон тилини ўрганади. Аллақачон истеъмолдан чиққан тилларни ўрганишнинг сиёсий арбобга нима кераги бор, дея эътироз билдиришга ошиқманг. Буни ҳобби деб қўйибди! Бошқаларга ёқадими-йўқми, муҳими, ҳобби эгасининг кўнгил чигали ёзилса кифоя-да...

Фото: «forbes.ru»

Бир пайтлар дунёнинг олтидан бирини идора этган қудратли қироллик бош вазири ҳинд киносининг ашаддий мухлиси десак ишонасизми? Ҳа, шундай, насл-насаби ота томондан туркларга бориб тақаладиган Борис Жонсон ҳинд фильмларини ёқтиради.

У Лондон ҳокими вазифасида фаолият юритган кезлар ишга велосипедда қатнаши билан ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Ҳозир-ку лавозим масъулияти ва хавфсизлик талабига кўра ишга велосипедда қатнай олмайди. Аммо жони жасадига сиғмайдиган бу арбоб туманли Альбионда икки ғилдиракли уловни анча оммалаштиргани бор гап.

Бош вазир, шунингдек, бўш вақтларида қоғоз қутилардан doubledecker – қўшқават автобуслар ясайди. Инглиз етакчисининг сўзларига қараганда, бу машғулот чарчоқлардан халос бўлишга ёрдам беради.    

Дунёнинг қудратли аёли... картошка етиштиради

Германия ҳукумати раҳбари, 65 ёшли Ангела Меркель боғдорчиликка кўнгил қўйган. Бўш вақтларида шахсий боғидаги гулу ниҳолларни парваришлайди, ҳатто картошка етиштиради.

Олмон матбуоти А.Меркелга «бинойидек пазанда» деб таъриф беради. Албатта, канцлер хонимнинг қўлидан таом ейиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Аммо бутун Европада «айтгани айтган, дегани деган» сиёсатчи аёлнинг ошхона юмушларини унутмагани шоён таҳсинга лойиқ. 

Фото: «pikabu.ru»

Буни қарангки, Меркель хоним сиёсатнинг адоқсиз даҳмазаларидан ортиб футбол томошасига ҳам боради. Германия миллий термасининг муҳим ўйинларида томошабинлар қаторида сипогина кийинган канцлер хонимни тез-тез кўриш мумкин.

Биринчи рақамли хоккейчи

Беларусь республикасини чорак асрдан бери ҳормай-толмай бошқариб келаётган Александр Лукашенко ҳам олмон ҳамкасби  каби картошка етиштиришни ёқтиради. Аммо у Меркел хонимдан фарқ қилиб, дала майдонида жавлон уриб меҳнат қилаётганини оммага кўз-кўз қилишни хуш кўради. 

Хоккей – Лукашенконинг энг севган спорт тури. Илҳоми келганда унинг ўзи ҳам хоккей таёғини кўтарганча майдонда пайдо бўлиб қолади. Ажабки, биринчи рақам остида ўйнайдиган президент жамоаси ҳамиша ғалаба қозонади. Тасодифми? Ким билсин, ҳар бир тасодиф замирида қонуният бор, дейишади-ку.

Фото: «Спутник»

Беларусь етакчисининг ҳайвонот оламига ҳам меҳри бўлакча. Хос мулозимларнинг гувоҳлик беришича, давлат раҳбари ўз қароргоҳида ғоз, товуқ, қуён, сигир, от, ит, мушук сингари ҳайвонларни сақлайди.  

Кино ва спорт бир тараф, ядро ўйини – бир тараф

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, гарчи сиртдан АҚШ билан «мушук-сичқон» ўйинини ўйнаса-да, болалигидан Ғарб оммавий маданиятига ошуфта. У Ҳолливуд блокбастерларини, хусусан, Мэл Гибсон иштирокидаги фильмларни севиб томоша қилади. Ким Чен Ин спорт турларидан баскетболга қизиқади. АҚШ баскетбол юлдузи Деннис Родман Шимолий Корея етакчисининг кунда-шунда меҳмонларидан.

Фото: «ntv.ru»

Дабдабали кечалар ҳам ёш «доҳий»нинг жону дили. Қарийб 26 миллион нуфуcли мамлакатнинг яккаҳукмдори уюштирган зиёфатлар ҳақида узунқулоқ гаплар юради. Жаҳон аҳли, хусусан, қўшни ўлкалар расмий Пхеньяннинг ҳуда-беҳуда ракета учиришию ядро қуроли бўйича синовларидан юрак олдириб қўйган. Бутун дунёни таҳлика-саросимага солиб қўйиб, ўзи бемалол базми жамшидлар уюштириб юрган раҳбарга қойил қолмай илож йўқ.  

Сермаҳсул адиб, моҳир мерган ва чапдаст пойгачи 

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳам ҳоббиси бисёргина. Бир қарасангиз, давлат раҳбари ҳарбийларга мерганликдан сабоқ беради, яна бир қарасангиз, автопойгада қатнашиб барча иштирокчиларни доғда қолдиради.

Фото: «pikabu.ru»

«Орқадоғ» қалами равон адиб сифатида 40 дан ошиқ китоб битган. Асарлар хилма-хил мавзуда экани ҳам эътиборга моликдир: президент туркман гилами тарихидан тортиб чойнинг фойдали хусусиятларига қадар тараннум этган. Гурбангули Бердимуҳамедов бўш вақтларида шеъру қўшиқ ҳам ижод қилади. Президентнинг яқинда от ҳақида куйлаган рэпи анчагина муҳокамаларга сабаб бўлди. Туркманистон етакчисининг серқирра фаолиятини кузатиб, сиёсат майдони ва санъат саҳнаси бир-бирига қанчалар уйқаш-муштарак эканига яна бир карра имон келтирасиз…

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг