Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бастилия: энди бу ерда ҳамма рақсга тушади

Бастилия: энди бу ерда ҳамма рақсга тушади

Афсонавий Бастилия. Бу сўзни эшитмаган одам бўлмаса керак. Кўпчилик Бастилия қамоқхонасини Александр Дюманинг романлари орқали яхши билади. Қалъа 1382 йилда қурилган бўлиб, асосий мақсади пойтахтга қилинадиган ҳужумларнинг олдини олиш эди. Бироқ кўп ўтмай, ундан қамоқхона сифатида фойдаланила бошланди. Бу ерга маҳбуслар судсиз-сўроқсиз, биргина қирол буйруғи билан олиб келинарди. Қамоқхонадон саноқли маҳбусларгина озодликка чиқишга муваффақ бўлган...

14 июль – Буюк француз инқиболи, яъни Бастилия қалъаси ишғол этилган кунга бағишланган Франциянинг миллий байрами. 1789 йилнинг 14 июль куни исён кўтарган парижликлар қирол зўравонлигининг рамзи бўлмиш Бастилия қамоқхона-қалъасини ишғол қилдилар. Мазкур ҳодиса Буюк француз инқилобининг бошланиши сифатида кўрилади. Айни дамда «Бастилия» сўзи озодлик рамзига айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Басти́лия (французча la Bastille, тарихий номи la Bastille Saint- Antoine) – 1370–1381 йилларда қурилган қалъа бўлиб, у ерда кейинчалик давлатга хиёнат қилган жиноятчилар сақланган. 1789 йил 14 июль куни юз берган Буюк француз инқилоби даврида қалъа инқилобчилар томонидан эгалланиб, орадан бир йил ўтар-ўтмас бузиб ташланган. Айни дамда бузилган қалъа ўрнида Париждаги ўнлаб кўчалар туташган – Бастилия майдони бор.

Бастилиянинг биринчи маҳбуси Гуго Обрио исмли киши бўлиб, муқаддас жойларни таҳқирлашда айбланган эди. У қамоқда 4 йил ўтиргач, 1381 йилда юз берган инқилоб даврида исёнкорлар томонидан озод қилинади. Навбатдаги маҳбус Людовик XI нинг (1465–1481) душмани бўлмиш епископ Верденский Гильом де Горакур экани айтилади. У 10 йил давомида, фақат ўтириш мумкин бўлган темир қафасда ушлаб турилади.

Тарихчиларнинг сўзларига қараганда, Людовик XIV ҳукмронлигидан сўнг, XVIII асрда Бастилияда ўша даврнинг энг машҳур олимлари – файласуфлар, публицистлар, ҳатто китобфурушлар ҳам ушлаб турилган. Ёзувчи Вольтер бу ерда икки марта – 1717 йилда герцогина де Веррини ҳажв қилгани, 1726 йилда эса шевалье де Роган билан боғлиқ можаро учун ўтиришга мажбур бўлади. Мармонтель, Бомелле, аббат Морелле, Ленге, Алессандро Калиостро, Маркиз де Сад, графиня Де Ламотт, Фуке ва бошқалар ҳам Бастилияда жазо муддатини ўташади.

1789 йилнинг 14 июль куни Бастилия ишғол қилинганида қалъада атиги 7 нафар маҳбус – 4 нафар сохта пул ясовчи, 2 нафар руҳий бемор ва бир қотил бор эди. Халқнинг Бастилияга бўлган нафрати инқилоб йилларида ўзининг авж нуқтасига чиқди. Ҳатто ҳукумат вакиллари ҳам тез орада Бастилия қўлга олинишидан хавфсираб туришарди. XVIII аср охирларига келиб Франция касодга учраш даражасига келиб қолди. Париж аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда истиқомат қиларди. Молиявий инқироздан чиқиб кетиш мақсадида Людовик XVI 1789 йилнинг 5 майида фавқулодда масалаларни муҳокама қиладиган бош штатларни чақиришга қарор қилди. Бу масалани муҳокама қилишни истамаган депутатлар 17 июнь куни ўзларини Миллий Йиғин деб эълон қилдилар ва 23 июнь куни қиролга бўйсунмасликлари борасида баёнот билан чиқдилар. 9 июль куни эса Миллий Йиғин ўзини Таъсис Йиғини дея эълон қилди. 14 июлда ҳукумат қўшинларига қарши чиққан халқ Бастилия томонга ошиқди. Улар қалъадаги қурол-яроғларни қўлга киритишмоқчи эди. 1789 йилнинг 12 июль куни Камиль Демулен в Пале-Роялда оташин нутқ сўзлади. 13 июлда Арсенал, Ногиронлар Уйи ва шаҳар мэрияси (Hôtel de Ville) талон-тарож қилинди. 14 июлда эса қуролланган оломон Бастилияни эгаллади. Исёнкорлар кўнгиллиларни қуроллантириш мақсадида қалъада бўлган қурол-аслаҳаларни қўлга киритишни режалаштиради.

Исёнкорларнинг вакиллари Бастилия коменданти маркиз де Лонэга мурожаат этиб, қалъани ўз хоҳиши билан топширишини талаб қилади. Бироқ комендант бу талабга бўйсунмайди. Шундан сўнг қалъа қўриқчилари ва исёнкорлар ўртасида отишма бошланади. Версалдан ёрдам келавермагач, қалъани исёнкорларга топширишга қарор қилинади. Бир неча зобит шафқатсизларча ўлдирилади. Бастилияда бўлган маҳбуслар озод қилинади. Қалъа архиви деярли йўқ қилинади. Эртаси куни қалъани бузиб ташлашга киришадилар. У шаҳар аҳолисининг саъй-ҳаракати билан 1791 йилнинг 16 май куни бутунлай йўқ қилинади. «Эндиликда бу ерда ҳамма рақсга тушади» деган лавҳа қўйишди. Қалъа тошларидан Бастилиянинг кичик макети ва Конкорд кўприги қурилишида фойдаланилади. Буюк Француз инқилоби Бастилияни қамоқхона ва қирол ҳукмронлигининг рамзи сифатида йўқ қилди.

Бастилия қалъасининг ишғол этилиши 1880 йилдан миллий байрам сифатида нишонлаб келинади. Кечки пайт Парижда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади. Елисей майдонида эрталаб маҳаллий вақт билан соат 10 да президент иштирокида ҳарбий парад ўтказилади. Тунда эса майёқбозлик ташкил этилади. Айтишларича, бу каби байрам Парижда, ҳатто Янги йил оқшомида ҳам нишонланмайди.

Шарофиддин Тўлаганов

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг