Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Атом агентлиги Россияга талаб қўйди

Атом агентлиги Россияга талаб қўйди

Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликнинг (МАГАТЭ) 67-сессиясида Запорожье атом электр станциясини Россия зудлик билан тарк этиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинди.

Москва АЭСдан барча ҳарбийларини олиб чиқиш кетиб, назоратни Украинага топшириши талаб этилган.

Кўпчилик овоз билан маъқулланган резолюцияга олти давлат, жумладан, Россия, Хитой ва Эрон қарши овоз берган.

Ҳужжатда, шунингдек, халқаро агентлик кузатувчилари Запорожье АЭСни бемалол кузатиши учун шароит яратиш лозимлиги уқтирилган.

МАГАТЭнинг бош анжумани ҳар йили сентябрь ойида ташкилотнинг Вена шаҳридаги қароргоҳида ўтказилади. 177 давлат вакилларидан иборат тузилма атом энергетикасига оид муҳим масалаларни муҳокама қилади.

Бу йилги машваратда долзарб мавзулар қаторида Украинада ядро хавфсизлигини таъминлаш кўриб чиқилди. Украина агентликнинг бошқарувчилар кенгашига ҳам қабул қилинди.

Украинанинг Запорожье вилоятида жойлашган АЭС дунёдаги 8-йирик атом станцияси саналади. 2022 йил март ойида иншоотни Россия ҳарбийлари ишғол қилган. 2022 йил сентябрь ойида станция реакторлари фаолияти хавфсизлик важидан тўхтатилган.

Киев маъмурияти Москва Запорожье АЭСда диверсион ҳаракатларни кўзлаётгани ҳақида бонг уриб келмоқда. Жумладан, Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ёз ойларида Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСнинг 4 та блоки ва совитувчи сув ҳавзасини миналагани ҳақида маълум қилган.

Ўтган йилнинг март ойида Россия қўшини Запорожье АЭСни ўққа тутгани оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ушбу ҳодиса БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама қилинган. Ўшанда дунё йирик ядро ҳалокатидан омон қолгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг