Асирга олинган рус аскарлари ўлдирилгани видеоси тарқалди. Россия БМТга мурожаат қилди
Интернетда Украина ҳарбийлари асирга олинган русларни ўлдиргани айтилган видео пайдо бўлди. Россия ушбу ёзувни БМТга топширган. Украина бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермади.
Кеча, 18 ноябр куни интернетда украиналик ҳарбийлар россиялик асирларни ўлдиргани айтилган видео тарқалди. Ёзувлар дастлаб Украинанинг телеграм каналларида пайдо бўлди, кейин Россия нашрлари уларни фаол равишда тарқата бошлади.
Мустақил манбалардан олинган видеоларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган. Улар қачон олингани ҳам ноаниқ. Украина мухолифат блогери Анатолий Шари у ёзувлардан бирини «бир неча кун олдин» ўзининг ёпиқ каналида жойлаштирганини даъво қилган.
Видеолардан бирида Россия қуролли кучлари кийимидаги бир гуруҳ аскарлар турар-жой биноси ҳовлисида асирга олинган, кейин улардан бири қурол билан пайдо бўлади, ўқ овозлари эшитилади ва видео узилиб қолади.
Худди шу ҳовли устидан дрондан олинган иккинчи видеода бир хил кийимдаги 12 аскарнинг жасади акс этган. Уларнинг баъзилари ёнида қон излари кўринади. Икки видео ўртасида нима содир бўлгани аниқ эмас.
Россиянинг ҳарбий телеграм каналлари хабарига кўра, видеоёзувлар Луганск вилоятининг Сватово яқинидаги Макеевка қишлоғи ҳудудида олинган.
Россия президенти маслаҳатчиси Валерий Фадеeв содир бўлган воқеани «намойишли ва провокацион жиноят» деб атади ва маълумотлар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасига юборишини айтди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова халқаро ташкилотлардан «бу даҳшатли жиноятни қоралаб, чуқур тергов ўтказишни» талаб қилди.
Украина вакиллари ҳали эълон қилинган видеоларга изоҳ бермаган.
Аввалроқ, 15 ноябр куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳисоботида Россия асирлигидаги украиналик ҳарбий хизматчилар кўп қийноққа солиниши ва шафқатсиз муомалага дучор бўлаётгани ҳақида баёнот берилганди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти комиссари идораси томонидан асирга олинган ва сўроқ қилинган 159 нафар украиналикнинг мутлақ кўпчилиги бу ҳақда гапирган. Ҳисоботда, шунингдек, россиялик маҳбусларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ва украиналик ҳарбийлар томонидан қийноқ ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter