Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арманистон Россияга чиқиш эшигини кўрсатди

Арманистон Россияга чиқиш эшигини кўрсатди

Пашинян Путин «қаламравидаги» КХШТдан чиқишни ҳам истисно этмаётир.

Фото: Sputnik/AP

Россия чегарачилари 1 августга қадар Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги «Звартноц» халқаро аэропортини тарк этиши ва назоратни арман мутахассисларига топшириши керак. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.

6 март куни Арманистон хавфсизлик кенгаши Кремлга рус чегарачиларини Ереван аэропортидан олиб чиқиб кетиш талабини йўллаган эди.

12 март куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Еревандан билдирги олинганини тасдиқлаб, бу борада «барча даражаларда» мулоқот олиб борилаётганини маълум қилди.

Гап шундаки, 1992 йил 30 сентябрь куни Москва ҳамда Ереван Арманистон ҳудудига Россия чегарачиларини жойлаштиришга доир битим имзолаган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Россия чегарачилари Арманистоннинг Эрон ва Туркия билан сарҳадларини қўриқлайди.

Расмий Ереван эндиликда «Звартноц» аэропорти чегара пункти экани, аммо амалда Арманистон чегараси эмаслигини таъкидламоқда.

Арманистон парламенти спикери Ален Симонянга кўра, мамлакат ўз чегараларини ўзи муҳофаза этишга қодир. Бинобарин, Россия Федерал хавфсизлик хизмати чегара қўшини вакиллари ҳудудни тарк этиши керак.

Таҳлилчилар ушбу қарорни Москва ва Ереван муносабатлари совуқлашаётганининг яна бир белгиси деб баҳоламоқда. Аввалроқ Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини сусткашликда айблаб, мамлакатнинг иштирокини «музлатиб қўйган» эди.

Сўнгги вақтларда расмий Ереван КХШТни буткул тарк этишга ишора қилувчи баёнотлар бермоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг