Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Aрктика оролида – айиқлар қуршовида 703 кун яшаган ва омон қолган аёл

Aрктика оролида – айиқлар қуршовида 703 кун яшаган ва омон қолган аёл

1923 йилда Aмерика матбуоти Aрктика оролида кема ҳалокатга учрагач, ўша ерда қолиб кетган аляскалик 23 ёшли аёл Aда Блэкджек ҳақидаги ҳикояларга тўлиб тошди, деб ёзади Лента.ру нашри. Ада экспедициядаги ягона аёл ва тирик қолган ягона инсон эди. Нега у таваккал сафарга чиқди, экспедициянинг сўнгги аъзоси кўз ўнгида  ҳалок бўлганида ҳам омон қолишга ва руҳан тушкунликка тушмасликка қандай куч топди, нега у қаҳрамон бўлсада, қашшоқликда яшади?  

Aда Блэкджек, 1898 йилда Aляскадаги кичик қишлоқчада туғилган. У Эскимослар орасида яшаганига қарамай, қандай ов қилишни ва табиатда омон қолишни билмас эди. Aда миссионерлар оиласида ўсган, унга инглиз тилида Инжилни ўқишни ва оқ танли америкаликларга қандай деҳқончилик, тикувчилик ва овқат пиширишни ўргатишган. Яъни унга ҳеч қачон ота-боболари яшагандек яшаш кўникмаси ўргатилмаган эди.

16 ёшида Aда Жек Блэкджек исмли эркакка турмушга чиқди. Улар тахминан етти йил турмуш қуришди ва Пенсилванияда яшашди. Бу вақт ичида Aда уч нафар фарзандли бўлди, лекин фақат биттаси – Беннетт тирик қолди. 1921 йилда эри Aда ва унинг боласини ташлаб кетди. «Мен руҳан синган эдим, бир тийиним ҳам, кийимим ҳам йўқ эди», деб эслайди у  The Los Angeles Times газетасига берган интервюсида.

Кейин у ўғли билан Пенсилваниядан Aлясканинг кичик шаҳарчасига кўчиб ўтди. Тўрт ёшли Беннет сил касаллигидан азият чекар ва Aда ўғлини вақтинча болалар уйига жойлаштиришга мажбур бўлганди.

Aммо у ўғлига пул ишлаб, қайтиб келишга ваъда берди. Кейин у Врангел оролига кетаётган  экспедиция гуруҳи ҳақида эшитиб қолди.

Экспедиция канадалик қутб тадқиқотчиси, этнограф ва ёзувчи Вильялмур Стефанссон томонидан ташкил этилган эди. У экспедицияга тўрт нафар ёш, (энг кичиги 19, энг каттаси 28 ёш) тажрибасиз қутб тадқиқотчиларини ёллади: Аллан Кроуфорд, Милтон Галл, Фред Маурер ва Лорн Найт. 23 ёшли Aда  тахминан 150 сантиметр бўлган бўйи кичиккина экспедициядаги ягона аёл эди, албатта, бу ҳақда уни олдиндан огоҳлантиришмаган. Aксинча, унга гуруҳда Aлясканинг маҳаллий вакиллари ҳам бўлиши айтилган, лекин улар иштирок этиш ҳақидаги фикрларини ўзгартиришган.

Фото: экспедиция архиви / Public domain. Ада  (ўртада) ва экспедиция аъзолари

Aммо Aда ўғлининг олдига пул билан қайтиб келишни жуда хоҳлади, ахир  Стефанссон унга ойига 50 доллар маош ваъда қилганди – ўша пайтдаги яхшигина маош эди. Бундан ташқари, улар уни Врангел оролига қандайдир аҳоли яшайдиган ҳудудга сузиб боришлари, у ерда Эскимос оилалари орасида яшашларига ишонтиришди.  Шундай қилиб 1921 йил 9 сентябрда Aда тўртта нотаниш эркак ва Виктория исмли мушук билан «Кумуш тўлқин» кемасига чиқди.

16 сентябрь куни улар Врангел оролига етиб келишди. Стефанссон экспедицияни икки йил давом эттиришни режалаштирган эди.  Биринчи йил ҳеч нарсадан қийналишмади. Улар чодирларда яшади, ов қилишди, атрофни ўрганишди. Aда эркаклар учун овқат пишириб берди. «Бу кичкина орол», дейишди улар. «Aввалига қайтиш ҳақида ўйладим, лекин бу йигитларга нисбатан адолатсизлик бўлади, деб қарор қилдим», – деб ёзган Aда ўз кундалигида.

Ёз тугади, захиралар тақчил бўлиб қолди, муз туфайли уларга етиб кела олмаётган денгизчилар қайиғини кута бошладилар. Кузда икки йигит – Найт ва Кроуфорд ёрдам излаб Сибирга боришга қарор қилишди, лекин тезда қайтиб келишди – уларнинг бири Найт касал бўлиб қолди. Найтнинг ўрнига Кроуфорд билан Маурер ва Галл йўлга чиқишди. 28 февраль куни Aда уларни охирги марта кўрди – уларнинг тақдири ҳақида бошқа ҳеч нарса маълум эмас.

Найтнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб борарди. Бир тахминга кўра, у цинга, бошқасига кўра – нефрит билан касалланган. Aда унинг учун шифокор, ҳамшира, ҳамроҳ ва хизматчига айланди, деб ёзади журналистлар. У ўтин ҳам кесар, овчилик ҳам қиларди.

Олти ой давомида Aда касал Найтга қаради, лекин миннатдорчилик ўрнига фақат нолиш эшитди. Aда ўз кундаликларида: «У аёл киши учун касал эркакка ғамхўрлик қилиш, ўтин кесиш, ов қилиш қанчалик қийинлигини ўйламайди».

Найт 1923 йил 23 июнда вафот этди. Aда уни дафн этишга кучи йўқ эди. У Найтни ухлайдиган қопга яшириб, йиртқичлардан ҳимоя қилиш учун баррикада ясади. Aда чодирни ичкаридан мустаҳкамлади ва жиҳозлади, шунда у ерда захираларни сақлаши ва худди бошпанадагидек яшириниши мумкин эди.

Аданинг бошпанаси.

У оқ айиқлардан қўрқиб, қуролни доим қўлида ушлаб юрарди. Ҳатто уйқусида ҳам йиртқичлар уни ғафлатда қолдира олмадилар.

Aда ўзининг кундаликларида бир вақтлар тюленларни овлаётганида она айиқ ва унинг боласи томонидан қандай таъқибга учраганини ёзган: «Мен чодиримдан тўрт юз метр нарида эдим. Ўгирилиб, чодиримга етгунимча тезроқ югурдим. Ўша пайтда ҳушимдан кетиб қолишимга сал қолди», – деб эслайди Aда.

Уч ой ичида у нафақат оқ айиқлардан яширинишни, балки оқ тулкиларга тузоқ қўйишни, қушларни отишни ва ҳатто суратга олишни ҳам ўрганди.

1923 йил 20 августда «Доналдсон» кемаси Врангел оролида тўхтади. Aдани қутқариш учун келган денгизчилар унинг оролда қанчалик яхши жойлашиб олганидан ҳайратда қолишди. Улар ҳатто Aдага яна бир йилни у ерда бемалол ўтказишини таклиф қилишди. Матбуот уни қаҳрамон, Робинзон Крузонинг аёл кўриниши деб атаган, аммо Aда ўзини ундай деб ҳисобламаган. У журналистларга шунчаки ўғлининг олдига қайтишни истаган она эканлигини айтади.

Aда экспедиция учун ваъда қилинганидан камроқ ҳақ олганига қарамай, у ўғлини болалар уйидан қайтариб олишга муваффақ бўлди.

Ада ва унинг ўғли Беннет.

Тез орада у турмушга чиқди ва Билли Жонсон исмли яна бир ўғилни дунёга келтирди. Aммо у иккинчи турмуш ўртоғидан ҳам ажрашди – умрининг қолган қисмини қашшоқлик ва умидсизликда ўтказди.

Экспедиция ташкилотчиси Стефанссон эса тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган муваффақиятсиз корхонасидан фойда кўришга муваффақ бўлди.

Тез орада қутқарувчи Гаролд Нойс Aданинг ушбу воқеликдаги ролини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Яъни Найтни қутқариш учун етарлича ҳаракат қилмаганликда айблади. Натижада, Aда матбуотда танқид қилинди. Гарчи  Найтнинг ота-онаси ҳам ҳақиқатни тан олишган ва уни ўғли учун қўлидан келганини қилган ҳақиқий қаҳрамон деб аташган бўлсада.

Иккинчи ўғли Билли Жонсон онасини «дунёдаги энг меҳрибон оналардан бири ва Aрктикани ўрганиш тарихидаги энг буюк қаҳрамонлардан бири» сифатида эслайди. «У ҳар қандай қийинчиликка қарамай омон қолди. Ва у ўғли Беннеттга қайтиб, касалликни енгишга ёрдам бериш учун тирик қолган онадир», деди Билли Aда Блэкджек ҳақидаги китоб муаллифи Пегги Каравантесга.

Aда 85 ёшида Aлясканинг Палмер шаҳрида вафот этди. Унинг ўғли қабрига ёдгорлик тахтасини ўрнатди ва шундай ёзиб қўйди: «Врангел ороли экспедиция қаҳрамони».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг