АҚШнинг иттифоқчилари ҳам Трамп илгари сурган таклифга қарши чиқди
Европа Иттифоқи АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчириш ҳақидаги таклифига қарши чиқди.
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 27 январь куни Брюсселда ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда Ғазо аҳли ўзи шундоқ ҳам кўп азоб чеккани, улар ҳам исроилликлар каби тинч ҳаётга ҳақли эканини таъкидлаган. Юқори мартабали дипломат ЕИ зиддиятни икки давлат – Исроил ва Фаластин давлати тамойили асосида ҳал этишга содиқлигини яна бир карра тасдиқлаган.
Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп фаластинликларни Иордания ва Мисрга кўчириш ҳақидаги баҳсли таклифни кескин тарзда инкор этган. Унга кўра, фаластинликлар ҳам Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида, ҳам Ғазо секторида қолиши керак.
Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ҳаррис эса яқинда Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасида тузилган тинчлик битимида Ғазо аҳолисининг ўз уйларига қайтиши назарда тутилганини эслатар экан, ушбу ҳужжат талаблари сўзсиз бажарилиши муҳимлигини уқтирган.
Reuters агентлиги хабар беришича, ЕИнинг локомотивларидан бири бўлмиш Германия ҳам Ғазо аҳолисини қўшни давлатларга қувиш режасига эътироз билдирган. Германия ТИВ вакилига кўра, Берлин ЕИ, араб ҳамкорлар ҳамда БМТнинг нуқтаи назарини дастаклайди ва Ғазо аҳолиси сектордан қувиб чиқарилиши, Ғазо Исроил томонидан босиб олиниши ёки такрор мустамлака қилинишини қоралайди.
АҚШнинг энг яқин иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Трамп ташаббусини қўллаб-қувватламаган.
«Фаластинлик тинч аҳоли вакиллари (Ғазога) қайтиш, ўз уйлари ва ҳаётларини қайта тиклаш имконига эга бўлишлари керак. Ғазонинг кўплаб аҳолиси ҳаёти, бошпанаси ва яқинларини йўқотган сўнгги 14 ойлик зиддият чинакам даҳшатдир. Шу боис ҳам Буюк Британия доим Ғазодаги зиддиятни ҳал этиш лозимлигини таъкидлаб келмоқда», – деган бош вазир Кир Стармернинг матбуот котиби.
Аввал хабар берганимиздек, 25 январь куни Трамп Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 1,5 миллион аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчириш кераклигидан баҳс этганди.
Вашингтон маъмурияти Трампнинг ушбу зиддиятли баёноти борасида изоҳ берганича йўқ. Аммо бу баёнот моҳият эътиборига кўра Исроил расмийлари илгари сураётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга cургун қилиш ва кейинроқ у ерда яҳудий келгиндиларини жойлаштириш ғоясига ҳамоҳанг янграмоқда. Буни Тель-Авив расмийларининг муносабати ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Трампнинг бу таклифини «зўр ғоя» деб атаган.
Иордания ҳам, Миср ҳам фаластинликларни мажбурий кўчириш ташаббусини рад этган.
Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаш ва Фаластин аҳли ҳуқуқларини поймол этиш деб баҳоланган бу таклиф Араб давлатлари лигаси томонидан ҳам жиддий танқид қилинган.
Таҳлилчилар Исроил ҳукумати 2023 йил октябрда бошлаган урушдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда қўшни давлатларга сургун қилиш орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётганидан огоҳлантирмоқда.
Фаластин аҳолиси бу иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан хавотирда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter