Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Сенати уйғур мусулмонлари ҳуқуқини поймол қилаётган мулозимларни жазолашни талаб қилди

АҚШ Сенати уйғур мусулмонлари ҳуқуқини поймол қилаётган мулозимларни жазолашни талаб қилди

Туркиядан бошпана олган уйғурлар расмий Пекиннинг Шинжонда олиб бораётган сиёсатига нисбатан норозилик намойиши ўтказмоқда. 2020 йил 5 февраль, Анқара.

Фото: “AFP”

АҚШ Сенати Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи уйғур мусулмонларига сиёсий босим ўтказиб келаётган Хитой расмийларига жазо чоралари қўллаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Республикачилар партияси вакили, сенатор Марко Рубио ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳа бир овоздан қўллаб-қувватланган.

Қонун ҳужжатида президент Дональд Трамп маъмурияти уйғур турклари ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларга нисбатан зўравонлик сиёсатини юритиб келаётган Пекин мулозимларига янада кучли жазо чораларини қўллашга даъват этилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Қўшма Штатлар ташқи сиёсат маҳкамаси – Давлат департаментига Хитойда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолати бўйича ҳисобот тайёрлаш юкланган.

«Хитой ҳукумати ва коммунистик партиясининг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон элатларнинг этник ва маданий ўзига хослигини йўқ қилишга қаратилган доимий уринишлари даҳшатли оқибатларга олиб келади. Агар биз ўз вақтида ҳаракат қилмас эканмиз, бу инсоният шаънига доғ бўлиб тушиши аниқ», – деган сенатор Марко Рубио.

Уйғурлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун (Uyghur Human Rights Policy Act) лойиҳасининг дастлабки варианти Сенат томонидан 2019 йил ноябрда қабул қилинган эди. Аммо 2019 йил декабрда лойиҳани муҳокама қилган Вакиллари палатаси унга бир қатор ўзгартиришлар киритиб, қайта кўриб чиқиш учун Сенатга йўллаган эди.

Сенат қайта қабул қилган қонун лойиҳаси Вакиллар палатасида маъқулланиши ва имзолаш учун президентга юборилиши кутилмоқда.

Жаҳон уйғурлари конгресси Сенат томонидан қабул қилинган қонун уларга катта умид бағишлаганини қайд этган ва Вакиллари палатасидан ҳужжатни қисқа фурсатда маъқуллашни сўраган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида  яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.

Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Давлат департаменти ҳисоботида лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳам Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида кўп сонли ёпиқ лагерларда маҳаллий мусулмонлар тутқинликда сақланаётганини қоралаган. 

Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти нотўғри талқин қилинмоқда.

С. Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг