Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ матбуоти Россия разведкасининг «уддабуронлиги» ҳақида ёзди

АҚШ матбуоти Россия разведкасининг «уддабуронлиги» ҳақида ёзди

Россия Украинага бостириб кирган 2022 йил февраль ойидан буён Ғарб мамлакатларидан юзлаб рус дипломатлари жосуслик айби билан бадарға қилинди. Аммо Россия махсус хизмати уддабуронлик билан ташқи разведкадаги бўшлиқларни тўлдирмоқда, деб ёзди The Wall Street Journal газетаси.

АҚШ нашрига кўра, Россия жосуслик идоралари аввало Украина уруши ортидан мамлакатдан аҳолининг оммавий равишда чиқиши кетишидан фойдаланган. Яъни Европа, Кавказорти ва Марказий Осиё давлатларига бош олиб чиққан россияликлар орасига жосуслар ҳам усталик билан киритилган.

Бундан ташқари, Россия махсус хизматлари кейинги вақтларда ўз амалиётларида чет эл фуқароларидан фаол фойдаланмоқда. Масалан, 2023 йил апрель ойида россиялик таниқли арбоб, Красноярск ўлкаси собиқ губернатори Александр Усснинг ўғли Артём Италиядаги уй қамоғидан серб жиноий гуруҳлари кўмагида қочирилган. Санкция тартибини бузишда айбланаётган Артём Усс АҚШга топширилиши кутилаётган эди.

Жорий йил февраль ойида Испанияда россиялик ҳарбий учувчи Максим Кузьминовнинг ўлдирилишида ҳам Кремлнинг қўли борлиги гумон қилинмоқда. Учувчи Россиянинг Ми-8 вертолётини Украина ҳудудига олиб ўтгани ортидан эътиборга тушган эди.

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Россиянинг учта разведка идораси – Федерал хавфсизлик хизмати, Разведка бош бошқармаси ва Ташқи разведка хизмати орасидаги чегаралар тобора «ювилиб» кетмоқда.

Украина тажовузи бошланганидан буён Ғарб давлатларидан 400 га яқин рус дипломати чиқариб юборилди.

Сўнгги вақтларда Европа давлатларида Москва фойдасига айғоқчилик қилишда гумонланиб ўнлаб хориж фуқаролари қамоққа олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг