Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ал-Ақсо масжидига ҳужум дунё мусулмонларининг ғазабини қўзғади

Ал-Ақсо масжидига ҳужум дунё мусулмонларининг ғазабини қўзғади

Ҳарбийларнинг Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши мусулмон оламида кескин норозилик уйғотди.

Фото:«Reuters»

Шарқий Қуддус ҳудудида Исроил полицияси ҳамда фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлар Рамазон ойи мобайнида ҳам тинмади. Қадр кечасида Исроил ҳарбийларининг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши эса мусулмон оламида кескин эътироз ва норозилик уйғотди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон муқаддас масжидга ҳужумни, умуман, Исроилнинг бу борадаги сиёсатини инсонийликдан йироқ хатти-ҳаракат дея кескин қоралади ҳамда террор ва оккупацияга барҳам бериш учун бутун дунёни, жумладан, ислом оламини сафарбар этишга ваъда берди. 

Сайёрамиздаги энг кўп мусулмонлар яшовчи мамлакат – Индонезия президенти Жоко Видодо ҳам Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги зўравонликни қабул қилиб бўлмас ҳол деб атади ва БМТ Хавфсизлик кенгашини зудлик билан амалий ҳаракатларга қилишга ундади.

АҚШ конгресси аъзолари Илҳан Омар, Рашида Тлаиб ва Андре Карсон томонидан тарқатилган баёнотда ҳам ибодат билан машғул мусулмонларга қилинган ҳужум инсон ҳуқуқларига зид экани таъкидланади.

«Кўплаб мусулмонлар ушбу масжидда таровеҳ ва таҳажжуд намозини адо этаётган эди. Мусулмонлар учун масжид худди уй кабидир», – дейилади АҚШ парламентарийлари баёнотида.

Бундан ташқари, Эрон, Миср ташқи ишлар вазирлари мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди ҳудудидаги зўравонликни кескин қоралади.

Ўзбекистонлик таниқли уламо Мубашшир Аҳмад ҳам ушбу ҳодисаса ўз муносабатини билдирди.

«Ибодат кунлари, ибодат жойларида, ибодат қилаётган обидларга ҳужум қилиш учун инсонга қанчалар уятсизлик, ахлоқсизлик ва нафрат керак экан-а?!  Аллоҳ, бу разилларга рушд-ҳидоят бер ёки ҳалокат! Қолганларга ҳақни кўриш, ҳақни қўллаш қобилиятини ато қил!» – деб ёзди у.  

Босиб олинган Ғарбий соҳил ҳамда Ғазода бутун Рамазон ойида давомида тўқнашувлар давом этди.

Бунга эса Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ қасабасидаги фаластинликларни мажбуран кўчириш ҳақидаги қарор сабаб бўлди. Фаластинликлар бу хатти-ҳаракатни адолатсиз деб атаб фаол қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Ал-Ақсо – Макка ва Мадинадаги масжидлардан кейинги учинчи мўътабар саждагоҳдир. Фото: AP

Исроил томони ушбу ҳудуд яҳудийларга тегишли эканини даъво қилмоқда. Фаластинлик оилалар эса бу ерга БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идораси билан келишув асосида жойлашганини таъкидламоқда.

Қуддус шаҳрида жойлашган Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ал-Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ал-Ақсо масжидига сайр эттирган. Ушбу масжидда ўқилган битта намозга бошқа ерда ўқилган намоздан 500 баробар баланд мақом берилган.

Сўнгги зўравонликлар муносабати билан «Turkiye» нашри Ал-Ақсо масжидига ҳужумлар янгилик эмаслиги, ўтган йиллар давомида муқаддас масжидни портлаб юборишга уринишлар бўлгани ҳақида мақола эълон қилди.  Қайд этилишича, 1969 йил 21 августда Денис Руҳан исмли мутаассиб масжидни ёқиб юборишга уринган. 1980 йилнинг апрелида Меир Каҳане деган шахс масжидни портлатишга ҳаракат қилган. 1990 йил 8 октябрь куни масжидга қилинган ҳужум оқибатида эса 30 мусулмон ҳалок бўлган, юзлаб одам жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин эгаллаб олган. Кўплаб мамлакатлар қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича уларга тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг