Ал-Ақсо масжидида навбатдаги провокация...
Мутаассиб кайфиятдаги яҳудийлар Исроил полицияси ҳимояси остида Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида провокацион хатти-ҳаракатларни содир этмоқда.
Бу гал мутаассиблар 29 сентябрдан 6 октябрга қадар давом этадиган Суккот байрами баҳонасида мусулмонлар учун муқаддас ҳудудга бостириб киришга уринган.
Қуддус ислом вақфи маъмуриятига кўра, Суккотнинг бешинчи куни мингдан зиёд яҳудий мутаассиблари полиция ҳимоясида Ал-Ақсо масжидига ҳужум уюштирган. Бу ҳол байрамнинг аввалги кунларида ҳам кузатилган.
Полиция мутаассибларнинг ҳужуми пайти фаластинлик ёшларнинг масжидга киришини чеклаб қўйган.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йил 26 октябрда имзоланган битимга мувофиқ Ал-Ақсо масжиди Қуддас ислом вақфи идораси бошқарувида.
Қолаверса, Исроил давлати ташкил этилгач, Қуддуси шарифдаги мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас саналадиган ҳудудларга ўтмаслик борасида ўзаро келишилган.
Аммо кейинги йилларда Исроил полицияси мазкур битим ва келишувларни бузган ҳолда Ал-Ақсо ҳудудига бир неча бор бостириб кирди.
2021 йили Қадр кечасида Ал-Ақсога ҳужум уюштирилгани мусулмон оламида кескин эътироз уйғотганди.
Ўшанда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам вазият юзасидан чуқур хавотир изҳор этганди.
«Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз. Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз», дея баёнот берган эди вазирлик.
Исроил полицияси ўтган йиллар Рамазон ойидаги қилмишини бу йил ҳам такрорлаган.
Жорий йил бошида эса Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир 50 йиллик битимни намойишкорона бузган ҳолда, қўриқчилар ҳамроҳлигида Ал-Ақсо ҳудудига кирган. Ҳатто Исроилнинг яқин иттифоқчиси саналган АҚШ ҳам бу ўзбошимчаликни қоралаган.
Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ал-Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ал-Ақсо масжидига сайр эттирган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамияти қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter