Афғонистондаги уруш АҚШга ойига қанчага тушмоқда?
Афғонистондаги уруш ҳар ой АҚШ ғазнасидаги 4 млрд. долларни ҳавога совуряпти. Бу ҳақда Ироқдаги уруш ветерани, Конгресс вакиллар палатасининг Гавайи 2-сайлов округидан аъзоси Тулси Габбард президентлик дебатлари чоғи таъкидлади.
Тулси Габбард — Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод.
Мавзуга оид: Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди
Габбард агарда уни президентликка сайлашса, АҚШ қўшинларини Афғонистондан бутунлай олиб чиқиб кетишга қасам ичди. У амалдаги президент Дональд Трампни қўшинларни Афғонистондан тезда олиб чиқаман деб халқини алдаганликда айблади.
«Бизнинг ҳаммамизни алдашди. Бу — сотқинлик», — Габбарддан иқтибос келтирмоқда «Khaama Press». — «Муаммо шундаки, амалдаги президент бизни сотишда давом этяпти. Мен ҳукумат тепасида бўлган биринчи йилимдаёқ қўшинларимизни уйга қайтариш бўйича маъмуриятни қистовга оламан. Биз тўғри йўлни танлашимиз, режимни ўзгартиришимиз, серхарж урушларга чек қўйишимиз шарт. Биз қимматбаҳо ресурсларимизни шу ерда, шу мамлакатда яшаётган инсонларнинг эҳтиёжларига ишлатиш ўрнига, Афғонистонда давом этаётган урушга ҳар ой 4 млрд. доллардан сарфлаяпмиз».
Маълумот учун: ҳозир НАТО миссияси доирасида Афғонистонда қарийб 14 000 нафар америкалик ҳарбий хизматни ўтаяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter