Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги форумда Украина ва Фаластин масаласига тўхталди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади.
Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда.
"Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлаймиз.
Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бу муаммонинг ягона ечими – низони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қабул қилинган резолюциялар асосида адолатли ҳал қилишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлишга ҳақлидир.
Глобал кун тартибидаги яна бир масала – бу қўшни Афғонистоннинг тинч ва барқарор ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу давлатнинг амалдаги ҳукумати билан халқаро майдонда конструктив мулоқот олиб бориш, унинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Зеро, мазкур мамлакатдаги осойишталик ва иқтисодий ривожланиш ён-атрофдаги барча минтақаларнинг узоқ муддатли тараққиёти учун зарур омилдир", дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон 2030 йилга бориб, ЯИМни 200 миллиард долларга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter