159 кишининг ўлимига олиб келган фожиа айбдорлари аниқланди
Жанубий Корея пойтахтидаги Ҳэллоуин байрамида кузатилган оммавий тиқилинчда 159 кишининг ўлими ҳолати бўйича махсус текширув якунланди. Yonhap агентлиги хабарига кўра, комиссия 23 нафар мансабдорни хизмат вазифасига совуққонликда айблаган.
Қайд этилишича, маҳаллий масъуллар фожианинг олдини олиш борасида тезкор чора-тадбир кўрмаган. Пойтахт Сеулнинг Итхэвон туманидаги байрам тадбирида 100 мингдан зиёд одам йиғилиши аввалдан маълум бўлса-да, полиция ҳудудга бор-йўғи 137 нафар ходим юборган. Уларга эса асосан гиёҳвандлик моддалари истеъмоли ва зўравонликларнинг олдини олиш юкланган. Шунга кўра комиссия пойтахт полицияси раҳбарини ҳам жавобгарликка тортишни тавсия қилган.
Текширув комиссияси хулосаси прокуратурага юборилиши маълум қилинган.
BBC нашрининг ёзишича, тиқилинчда ҳалок бўлганларнинг яқинлари юқори мартабали амалдорларнинг жазоланишини талаб қилган. Аммо комиссия пастроқ рутбадаги масъулларни айбдор деб топди.
Полицияга байрам тадбирида вазият хавфли тус олгани ҳақидаги хабар фожиадан бир неча соат аввал етказилган, аммо масъуллар уни эътиборсиз қолдирган.
2022 йил 29 октябрь тунида Сеулнинг Итхэвон туманидаги Ҳэллоуин байрами тадбирида улкан издиҳом йиғилган. Соат 22:15 ларда оммавий тиқилинч юзага келган. Корейс матбуотига кўра, машҳур юлдуз келгани ҳақидаги хабар ортидан оломон бир-бирини туртганча тор кўча бўйлаб ҳаракатланган. Тиқилинч оқибатида 18-30 ёшдаги 156 киши вафот этган. Қурбонлар орасида ўзбекистонлик ҳам борлиги хабар қилинган.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл ҳодиса муносабати билан миллий мотам эълон қилар экан, уни “юз бермаслиги керак бўлган фожиа” деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter