Келажак мутахассисларини тайёрлайдиган янги лойиҳа бошланди
2021 йил 11 январь куни IT Парк ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Мазкур воқеа 21 асрда иш берувчилар томонидан талаб қилинадиган янги касбларни ривожлантириш ҳамда ўқитишга қаратилган «Future Skills Uzbekistan» янги лойиҳасининг бошланишига илк қадам бўлди, деб хабар бермоқда IT Парк матбуот хизмати.
Меморандум имзоланиши шарафига бағишланган тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, IT Парк директори Фарҳод Ибрагимов ва бошқалар иштирок этишди.
Лойиҳанинг мақсади — ахборот технологиялари бўйича кенг қамровли ўқув дастури орқали юқори малакали IT мутахассислар сонини кўпайтиришдир.
Лойиҳа қуйидаги 3 та асосий босқични ўз ичига олади:
- Профессионал таълим ва IT мутахассисларни тайёрлаш.
Ушбу босқич кенг қамровли ўқув дастуридан, яъни компютер саводхонлиги, инглиз тили ва soft skillsни ривожлантириш курсларидан иборат. Кейинчалик, компютер саводхонлиги курсини тамомлагандан сўнг, иштирокчилар мутахассислик билан танишадилар ва ҳар бир киши ўқишини давом эттириши учун қуйидаги мутахассисликлардан бирини танлаши мумкин:
- веб дастурлаш;
- мобил иловаларни яратиш;
- мобил ўйинларни яратиш;
- мобил робототехника;
- график дизайн;
- 3D моделлаштириш;
- IT менежменти;
- IT мутахассисининг малакасини баҳолаш ва малака паспортини бериш.
Ўқиш сўнгида битирувчиларнинг малака даражасини аниқлаш мақсадида уларнинг билими мустақил равишда баҳоланади (ихтиёрий). Ундан сўнг IT мутахассисига малака паспорти берилади.
3. IT мутахассисига ишга жойлашиш ва мустақил равишда иш билан шуғулланиш (фрилансерлик) бўйича ёрдам.
Лойиҳа доирасида иштирокчиларга нафақат IT мутахассисликлари ўқитилади, балки истиқболли талабаларга иш излашларида ва иш топишларида ҳар томонлама ёрдам берилади. Бундан ташқари, лойиҳа иштирокчилари учун турли тадбир, амалиёт, хакатон, акселератор, инкубатор, танлов ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Лойиҳада турли хил платформалар ва агрегаторлар орқали халқаро фриланс бозорида ўқитилган IT мутахассисларнинг киришига алоҳида эътибор қаратилади.
Кенг қамровли ўқув дастури 9 ой давом этади ва 12 вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси пойтахтида ташкиллаштирилади:
Андижон вилояти;
Бухоро вилояти;
Жиззах вилояти;
Қашқадарё вилояти;
Навоий вилояти;
Наманган вилояти;
Самарқанд вилояти;
Сирдарё вилояти;
Сурхондарё вилояти;
Тошкент вилояти;
Фарғона вилояти;
Хоразм вилояти;
Қорақалпоғистон Республикаси;
Тошкент шаҳри.
Талаблар:
Дастур иштирокчиси бўлиш учун сиз 16 ёшдан ошган, иш билан таъминланмаган бўлишингиз, шунингдек, қуйидагиларни ўз ичига олган дастлабки танловдан ўтишингиз керак: мантиқий тест, компютер саводхонлиги бўйича тест ҳамда инглиз тили даражасини аниқлаш учун тест.
Дастур нархи – ойига 400 000 сўм.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидаги аҳолини иш билан таъминлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағга квоталар бўйича ишсиз ва иш излаётган шахсларнининг ўқиш тўловининг 50% қопланади (иштирокчилар умумий сонининг 70% дан ошмаслиги керак).
Потенциал иш берувчи ёки ўқувчи томонидан 50% қопланади.
Ишсиз ва иш излаётган шахслар сонидан 30% дастурни муваффақиятли якунлаган талабаларнинг ўқиш харажатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қопланади.
Лойиҳага рўйхатдан ўтиш 2021 йил 18 январ куни қуйидаги ҳавола орқали бошланади: http://futureskills.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter