Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ucell янги CRM ва биллингга ўтди

Ucell янги CRM ва биллингга ўтди

Миллионлаб компания абонентларининг ҳар бир ҳаракати биллингда акс этади. Бу — кунига миллиардлаб амалиётларни бажарувчи улкан аппарат мажмуи.

Ucell мобил алоқа оператори янги биллинг ва CRM тизимларига уланди, уларда ҳар сонияда миллионлаб операциялар амалга ошади.

Икки йилдан ошиқ давом этган узоқ муддатли мураккаб лойиҳа якунланди ва уни амалга оширишда Ўзбекистон ва Россиядан 100га яқин мутахассис жалб этилди.

Бу жараённи катта тезликда юриб кетаётган бир поезддаги йўловчиларни параллел релсдаги қўшни поездга кўчиришга қиёслаш мумкин. Тўхтамасдан, секинлашмасдан, йўналишни ўзгартирмасдан ва тезликни пасайтирмасдан.

Натижада компания мижозлар билан алоқалар ва ҳисоб-китобларни бошқаришнинг янги тўлиқ функцияли тизимига эга бўлди.

Лойиҳа ҳақида «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) ахборот технологиялари директори Денис Козлов сўзлаб берди:

— Абонентларни қизиқтираётган асосий савол кундек равшан: «Янги тизим якуний истеъмолчига қандай афзалликларни тақдим этади?».

— Жуда ўринли савол. Қисқача айтганда, янги биллинг бизга бозорга янги маҳсулотларни олиб кириш вақтини қисқартиришда ёрдам беради – абонентлар мослашувчан, рақобатбардош маҳсулотларга, шунингдек, хизматларнинг миллий валютадаги тарификацияси ва мултивалюта тарификацияси хизматларига эга бўлади.

Бундан ташқари, абонентлар базасининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, компания хизматлари рўйхати кенгайиши ҳамда мобил маълумотларни узатиш ҳажмларининг ўсиши кўзда тутилган. Режадаги Ucell 4G тармоғининг сезиларли ўсиши ва мобил маълумотларни узатиш қамровини янада ошириш, абонентлар базасини кенгайтириш шароитида Ucellнинг янги маҳсулот ва хизматларни йўлга қўйишга оид долзарб бизнес масалаларини ҳал этишга қодир замонавий CRM ва биллинг ечимларга ўтиш ҳаётий зарур чоралардан бири ҳисобланади.

— Янги биллингга ўтиш якунида Ucellда нималардан воз кечиш ва қандай натижага эришиш кўзда тутилган?

— Лойиҳа 2019 йилда старт олди. Лойиҳанинг якунланиши мобил операторга стратегик мақсадларни муваффақиятлироқ ҳал этишга ёрдам беради. Қуйидаги заруратлар лойиҳани жорий этишга ундади:

  • Аввалги эскирган ахборот технология тизимларини оптималлаштириш ва алмаштириш
  • Биллинг дастурий таъминотининг фақат бир етказиб берувчи аппарат мажмуйига боғлиқ бўлишидан воз кечиш.

Янги тизимга уланиш натижасида биз қандай қўшимча афзалликларга эга бўлдик?

  • «Мобил қуллик»нинг бекор қилинишини қўллаб-қувватлаш (MNP — mobile number portability — мобил телефон рақамларини олиб юриш имконияти).
  • Ўзбекистондан ташқарида тезкор интернетга уланиш тарификатсияси, LTE роуминг имконияти.
  • 5G технологияси бўйича тақдим этиладиган хизматлар тарификацияси.
  • Олдиндан тўлов асосида хизмат кўрсатиш абонентлари даромадлари бўйича ҳисобот шакллантириш имконияти: умуман, янги ҳисобот тизими.
  • Якка тартибдаги, корпоратив мижозлар ва «ақлли қурилмалар»: B2B/B2C/M2M фойдаланувчилари учун ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шахсий кабинетлари.
  • Биллинг/CRM имкониятларига эгалик қилишнинг бошқариладиган нархи.

Бу бир неча йил давомида ишлаб беради.

— Сиз бир неча йил давомида ишлаб бериши ҳақида гапиряпсиз. Уяли алоқа операторлари қанча муддатда биллингни ўзгартиради ва Ucell учун бу янгилик қанчага етади?

— BSS/CRM янги ечимидан унумли фойдаланиш муддати 7 йилдан ошиқни ташкил этади.

Фурсатдан фойдаланиб, лойиҳанинг ўзи ҳақида икки оғиз гапириб ўтмоқчи эдим. Ucellда у Nexign компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Nexign жамоаси компаниянинг энг яхши мутахассисларини ўз ичига олган, улар Россия ва Ўзбекистоннинг турли шаҳарлари, хусусан, Санкт-Петербург, Москва, Тошкент, Краснодар вакилларидир.

Умумий ҳисобда лойиҳа устида Nexign томонидан – 50 нафардан ортиқ эксперт, Ucell томонидан – Инфраструктура блоки вакиллари, 40га яқин эксперт иштирок этди. Тижорат блоки – хизмат кўрсатишнинг барча сегмент ва каналлари, маркетинг мутахассислари ҳам фаол жалб қилинди.

Инфраструктура бўлинмаларининг етакчи экспертлари, шунингдек, ҳамкасблар ролини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим:

  • Анвар Мустагизов, лойиҳа раҳбари;
  • Дилмурод Абдураҳмонов, Ахборот технологияларида лойиҳа буюртмачиси;
  • Санъат Ҳасанов, биллингни фойдаланишга топшириш ва ривожлантириш бўлими раҳбари;
  • Юрий Пак, Тижорат блоки бизнес-ҳамкори;
  • Ҳусан Турсунов;
  • Жасур Шерматов;
  • Тоҳир Мирзаев;
  • Иван Ремезов;
  • Дмитрий Чигатаев;
  • Владимир Ануфриенко;
  • Евгений Стоякин;
  • Баҳодир Таиров.

Ҳар қандай янги тизим сингари, янги биллинг тизимини жорий этиш барқарорлаштиришни талаб этади: шу кунларда компания ушбу жараённи якунламоқда.

Ucell Тижорат директори Георгий Чуравсов изоҳи:

— Янги биллинг тизими имкониятлари абонентларимиз талабларини қондиришга янада мослашиш, кенг қамровдаги мижозларга йўналтирилган янги маҳсулот ва хизматларни йўлга қўйиш имкониятини беради. Янги биллингни ишга тушириш орқали компания янги тариф режаларини йўлга қўйиш ва уларнинг ўзгаришларини бозор талабларига жавоб берган ҳолда, тезроқ қайд этиш имкониятига эга бўлади.

Янги биллингга ўтиш орқали Ucell мижозлар билан алоқани бошқаришнинг тўлақонли тизимига эга бўлди ва бундан кейин бутун Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб абонентлар билан янада самаралироқ мулоқотни йўлга қўя олади.

Реклама

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг