«Тошкент ёшлар форуми»да «Энг яхши ёш ихтирочи» аниқланди
«Ўзбектелеком» АК муҳандиси «Тошкент ёшлар форуми» доирасида «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинацияси ғолиби бўлди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахтимиздаги Конгресс-ҳоллда бўлиб ўтган «Тошкент ёшлар форуми-2021» доирасида тегишли номинациялар бўйича танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Хусусан, «Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси» номинациясида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Телекоммуникация ва персонални ривожлантириш маркази» филиалининг инновация ва АКТни жорий этиш хизмати етакчи муҳандиси Аббос Насимов ғолибликни қўлга киритди. У ҳокимлик ходимларининг иш жараёнини автоматлаштириш имконини берувчи «Smart ҳокимият» инновацион лойиҳасини тақдим этганди.
Аббос Насимов 1998 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. 2021 йилда Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаганидан сўнг компания бўлимига ишга жойлашган. Ёш ходимнинг ишга ижодий ва масъулият билан ёндашиши, ўзини ижобий томондан кўрсатиши унинг келажакда бундай нуфузли тадбирда ғолиб бўлишига замин яратди.
Форум Ўзбекистонда иккинчи бор ўтказилмоқда: 2020 йилда 10 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган бўлса, бу йил 15 минг нафарга яқин ёшлардан қатнашиш учун аризалар келиб тушди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter