Шерзод Шерматов: «IT-компанияларда 440 та бўш иш ўрни мавжуд» (видео)
Бугун, 20 декабрь куни Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Тошкент Ёшлар форуми-2021» тадбирида «Ёшлар келажаги учун IT-соҳадаги имкониятлар» мавзусида чиқиш қилди. Айтиш жоиз, ёшларнинг вазир билан учрашуви очиқ мулоқот шаклида қизиқарли ўтди.
Шерзод Шерматов IT-соҳанинг аҳамияти, соҳадаги вакансиялар, ахборот технологиялари мутахассисларининг маоши каби масалаларга тўхталиб ўтди:
«Агар илгари абитуриент олийгоҳдаги IT-йўналишни танласа, бу ҳеч кимга керак бўлмаслигига ишора бўларди. Бугун эса соҳа ҳаётимизнинг барча жабҳаларида керак бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Пандемия эса буни исботлади. Бугунги кунда IT-мутахассисларнинг иш ҳақи етарлича рақобатбардош, ойига 4 минг долларгача ишлаб топиш мумкин. Ҳозирги вақтда, масалан, Ўзбекистоннинг турли IT-компанияларида 440 та бўш иш ўрни мавжуд».
Учрашув давомида вазир «Нимага айнан IT-соҳасини ривожлантирмоқчиман?», деган мавзуда ҳикоялар танловини ўтказиш ҳақида эълон қилди. Энг яхши 10 та ҳикоя муаллифига IT-марказларда бепул ўқиш ҳамда ишга жойлашишда ёрдам берилиши, шунингдек, 10 та ноутбук тақдим этилиши айтилди. Сўнг вазир турли саволларга жавоб берди.
«PayPal тизимида Ўзбекистон йўқ. Бунга, менимча, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида конвертация тизимининг ишламагани ва шу каби бошқа сунъий тўсиқлар сабаб бўлган. Айнан шу сабаблар туфайли PayPal Ўзбекистонни ўз рўйхатидан чиқариб ташлаган бўлиши мумкин.
Бизнинг вазифамиз Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимга Ўзбекистонни ҳам қўшишдан иборат. Бу борада ўзгаришлар бўлади деган умиддаман», — таъкидлади АКТ вазири.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter