СТИРни тез ва осон аниқлаш йўли ҳақида (видео)
Давлат органларига ҳужжатлар топшираётганимизда деярли ҳар биримиздан СТИР рақами талаб қилинади. Хўш, СТИР ўзи нима? У бизга қачон ва қандай мақсадларда керак ёки қаердан оламиз?
Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази шу ҳақда батафсил маълумот берди.
СТИР – бу солиқ тўловчининг идентификацион рақами. 16 ёшга тўлган ҳар бир жисмоний шахсга мамлакат ҳудуди бўйлаб ягона идентификацион рақам белгиланади. У бизга ҳужжат ишлари билан боғлиқ ҳар қандай жараёнда керак бўлиши аниқ. Шу ўринда «Мен ўзимга тегишли СТИРни қаердан билишим ёки тез ва осон аниқлашим мумкин?», деган савол туғилиши табиий.
Бу борада сизга my.gov.uz портали яқиндан ёрдам беради.
Ягона портал орқали СТИРни аниқлашнинг икки усули мавжуд: рўйхатдан ўтмаган ва рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун.
Рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчилар my.gov.uz порталига кириб, қидирув сатрига «СТИР» сўзини киритади ҳамда «СТИР аниқлаш» хизматига ўтади. Хизмат паспорти ичидан «Хизматдан фойдаланиш»ни танлайди.
Навбатдаги жараёнда фуқаролик паспорти серияси ва рақами, туғилган кун, ой ва йил киритилади. Сўнгра «Ҳужжат тури» танланиб, кейин ҳимоя коди терилади ва «Қидириш» ёзуви босилади.
Саноқли сониялар ичида портал сизга ўз СТИР рақамингизни аниқлаб беради.
Гувоҳи бўлганингиздек, жараён жуда осон ва қулай.
Порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун авторизация жараёнида СТИР автоматик тарзда аниқланади...
Авторизациядан сўнг my.gov.uz портали бош саҳифасининг қуйи қисмида виджетлар пайдо бўлади. Улар орасида сиз ўз СТИРингизни ҳам кўришингиз мумкин.
Эслатма! Зарурат туғилганда фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларгина «Ҳужжатни очиш» ёзувини босиш орқали ҳужжатни кўриш ва чоп этиб олишлари мумкин.
Муҳими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали туфайли СТИР рақамингиз ҳар доим ёнингизда бўлади!
Қуйидаги видео орқали my.gov.uz сайтида СТИРингизни осон аниқлашнинг икки усули ҳақида маълумот оласиз:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter