Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юридик шахсларга СТИРни бириктириш регламенти тасдиқланмоқда

Юридик шахсларга СТИРни бириктириш регламенти тасдиқланмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 05.08.2024 йилдаги «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида»ги 480-сонли қарори қабул қилинди. 

Ҳужжат билан юридик шахсларга СТИР бириктириш бўйича регламент тасдиқланмоқда.

СТИР бир маротаба берилади ва юридик шахс тугатилгандан сўнг ушбу СТИР бошқа солиқ тўловчига бириктирилмайди.

Маълумот учун: 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритиш ЖШШИР орқали амалга оширилади. Жисмоний шахсга СТИР бериш давлат хизмати тўхтатилган. 

СТИР Солиқ қўмитаси томонидан қуйидаги жараёнларда берилади: 

  • нодавлат нотижорат ташкилотларига адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида;
  • банклар, кредит бюролари ва чет эл банкларининг ваколатхоналарига Марказий банк томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш (аккредитация қилиш) жараёнида;
  • дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
  • хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
  • бошка юридик шахсларга давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида.

Рўйхатга олувчи органларнинг сўровномалари Солиқ қўмитасининг тизимида реал вақт режимида, бироқ 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда текширувдан ўтказилади.

Идентификация рақамини нотўгри ёки ноаниқ кўрсатиш солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузишга тенглаштирилади.

Маълумот учун: СТИР қуйидаги ҳужжатларда мажбурий кўрсатилади:

  • фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларда;
  • юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартномаларида;
  • юридик шахслар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан битимлар тузилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан ҳисобварақ-фактураларда ва товар-кузатув ҳужжатларида;
  • пул, ҳисоб-китоб ва тўлов ҳужжатларида;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларда.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.08.2024 йилдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг