Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ШҲТ давлатлари рақамлаштириш борасида қандай ҳамкорлик қиладилар?

ШҲТ давлатлари рақамлаштириш борасида қандай ҳамкорлик қиладилар?

Сўнгги ўн йилликларда кўплаб давлатлар, жумладан, ШҲТга аъзо бўлган етакчи давлатлар — Хитой, Ҳиндистон, Россия, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш ва тезлаштириш бўйича ўзларининг рақамли стратегияларини ишлаб чиқдилар ва уларни ривожланиш мақсад-вазифаларига уйғун равишда доимий оптималлаштирмоқдалар.

Масалан, Марказий Осиё минтақасининг деярли барча давлатлари (Туркманистондан ташқари) рақамлаштиришни ривожлантириш бўйича ўз дастурларини қабул қилган. Хусусан, 2018 йилда Қозоғистон «Рақамли Қозоғистон» дастурини тасдиқлади, Ўзбекистон 2020 йилда «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини, Тожикистон 2020 йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш концепциясини қабул қилди.

Бугунги кунда рақамлаштиришнинг ривожланиши туфайли бутун дунёда 5G, сунъий интеллект, ақлли шаҳар каби янги технологиялар пайдо бўлмоқда. Улар бутун дунёнинг илмий-техник тараққиётига, ишлаб чиқариш тузилишига ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларга кучли таъсир кўрсатади.

ШҲТ етакчи давлатларидан бири — Хитойнинг рақамлаштириш ва турли янги технологияларини кундалик ҳаётга жорий этиш, айниқса, «хавфсиз шаҳар» платформаси («ақлли шаҳар») ва 5G тармоқларини яратиш борасидаги ютуқлари ташкилотга аъзо мамлакатларда, жумладан, минтақамиз давлатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Хитой 5G технологиясини ривожлантириш борасида асосий мамлакатлардан биридир. Alibaba, Tencent ва Huawei каби технология гигантлари «Кремний водийси»нинг глобал рақобатчилардир. Нисбатан қисқа давр оралиғида улар тижорат ва АТ соҳаларида гигантларга айланди, уларнинг хизматларидан Шарқий, Жануби-Шарқий ҳамда Марказий Осиё ва Россияда кенг фойдаланилмоқда.

Масалан, бугунги кунда Huawei минтақамизнинг учта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда IT-соҳасида бозор етакчиси ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи Huawei ускунасига асосланган қурилмалар ва хизматлардан фойдаланади. Компания Қозоғистон учун махсус 300 дан ортиқ маҳсулот ва технологияларни ишлаб чиқаради ва ички бозорга етказиб беради.

Huawei Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда республиканинг келажакдаги ривожланиши учун бир қатор стратегик муҳим лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Huawei ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, UMS мобил оператори, Халқ таълими вазирлиги, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида меморандумлар имзоланди. Имзоланган ҳужжатлар доирасида республика IT-инфратузилмасини модернизация қилиш, хавфсиз шаҳар лойиҳасини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга оид қатор келишувларга эришилди.

Мутахассисларларининг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда рақамлаштириш алоҳида ўрин тутади, бунинг натижасида транспорт харажатларини 30 фоизга камайтириш ва транспорт йўналишларининг ўтказиш қобилиятини 40 фоизга ошириш мумкин. Мултимодал транспорт-логистика марказларини биргаликда қуриш, ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт йўналишлари бўйлаб саноат кластерлари тармоғини шакллантириш ШҲТ давлатларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ёрдам беради.

Шунинг баробарида жамият ва давлатлар ҳаётини жадал рақамлаштириш киберхавфсизлик соҳасида бир қатор долзарб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мутахассисларнинг фикрича, 2021 йилда дунёда киберҳужумлар сони 2020 йилга нисбатан 50 фоизга ошган. 2021 йилда дунёдаги энг кўп ҳужумга учраган тармоқлар орасида таълим ва тадқиқот сектори биринчи ўринни эгаллади.

Шу боисдан ҳам 15 йил аввал ШҲТ кун тартибига киритилган халқаро ахборот хавфсизлиги мавзуси бугунги кунда рақамлаштириш шароитида ҳам долзарблигича қолмоқда. Ўтган йиллар давомида ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот маконида масъулият хулқи бўйича универсал қоидаларни ишлаб чиқиш, АКТдан ноқонуний мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилиш имконини берувчи ягона ёндашув шаклланди. 2021 йилда Душанбедаги юбилей саммит якунлари бўйича 30 та ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон ва Россия ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2022-2023 йилларга мўлжалланган халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик режаси имзоланди.

Бугунги кунда рақамлаштириш ШҲТга аъзо давлатларнинг инклюзив иқтисодий ривожланиши ва инвестиция жозибадорлигини оширишнинг гаровидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқанд саммитида ташкилотга аъзо давлатларнинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича Комплекс дастурнинг қабул қилиниши шубҳасиз. Тадбир ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўпқиррали шериклик даражасини, жумладан, рақамлаштириш соҳасини юксалтиришга ҳисса қўшиши шубҳасиздир.

Музаффар Жалолов,
Тошкентдаги ИНҲА университети ректори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг