“Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази“ ДУК Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциациясига расман аъзо бўлди (видео)

Жорий йилнинг 11 апрел куни пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида аъзоликни расман тасдиқлаш мақсадида тантанали равишда сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос очиб берди. "ЎзТТБРМ" ДУК директори Улуғбек Шакиров эса ўз нутқида Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш имкониятлари, Ассоциацияга киришнинг аҳамияти ва "ЎзТТБРМ" ДУК лойиҳаларида сунъий интеллектни жорий этиш ва ҳамкорлик истиқболлари ҳақида айтиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси раиси Владимир Норов “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази“ ДУКни Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциациясига аъзолик сертификати билан муборакбод этар экан, сунъий интеллект технологияларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад — аъзоликни расман тасдиқлаш билан бир қаторда рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги маҳаллий ва минтақавий ҳамкорлик доирасида шериклик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. "ЎзТТБРМ" ДУКнинг Ассоциацияга аъзо бўлиши сунъий интеллект соҳасида халқаро мулоқот, инновацион ишланмалар ва илғор тажрибалар алмашиш учун янги имкониятлар очилишига хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир давомида "ЎзТТБРМ" ДУК вакиллари томонидан Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини комплекс автоматлаштирадиган бошқариш тизими ва банк фирибгарлигига қарши курашувчи — Telecom Antifraud каби лойиҳалар бўйича ҳам алоҳида тақдимотлар ўтказилди.
Маълумот учун, комплекс АБТ бир қанча модулларни ўз ичига олади. Жумладан:
— Fault Management модули орқали телекоммуникациялар тармоқларида аварияларни автоматик аниқлаш ва бартараф этиш орқали хизмат узлуксизлигини таъминланади, шунингдек, реал вақт режимида тармоқларни мониторингини олиб бориб, таҳлиллар асосида аниқ чоралар кўрилади;
— Performance Management модули орқали мобил алоқа база станцияларининг сифат кўрсаткичлари, қўнғироқ ва интернетдаги узилишлар аниқланиб, операторлар билан ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш имконини беради;
— Drive-test модули орқали махсус автомашина ва рюкзакларга жойланган қурилмалар ёрдамида худудларда мобил алоқа тармоқларидаги сигнал сифати ўлчанади.
Радиомониторинг натижалари асосида хизмат сифатлари баҳоланиб, қамров даражаси паст бўлган ҳудудларни аниқлаб, жойлардаги ҳолатни такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 36 та тижорат банки ва 44 та тўлов тизими фаолият кўрсатмоқда. Чиқарилган банк пластик карталарининг умумий сони 63 миллионга етди. Банк иловаларининг ривожланиши ва онлайн хизматлар кўламининг кенгайиши билан бир қаторда банк карталаридан маблағларни ўғирлаш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.
Бу борадаги жиноятчилик ҳолатлари ўсишининг олдини олиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлигининг "Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази" ДУК Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Telecom Antifraud тизимини ишлаб чиқди ва уни амалиётга жорий этмоқда.
Ушбу тизимдан фойдаланиш орқали банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик даражасини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.
Бундан ташқари, тизим фойдаланувчининг хатти-ҳаракат омилларини, масалан, операциялар частотаси ва географиясини, шунингдек, ғайритабиий кириш уринишларини таҳлил қилади. Агар шубҳали ҳаракатлар аниқланса, Telecom Antifraud мижознинг шахси тасдиқланмагунча қўшимча текширув ўтказиши ёки ҳаракатни блоклаши мумкин.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Telecom Antifraud тизимининг ишга туширилиши банк фирибгарлиги даражасини 50-75 фоизга камайтиради. Молия муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашуви туфайли Telecom Antifraud фирибгарлар ва уларнинг схемаларини тезроқ аниқлашга ёрдам беради, бу эса молиявий жиноятларга қарши курашни янада самарали ва тезкорлигини оширади.
Қувонарлиси, тадбир якунида иштирокчилар сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, ушбу йўналишда минтақанинг технологик салоҳиятини биргаликда ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ишонч билдирдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter