Президент қарори: Почта бўлимларида давлат хизматлари кўрсатилади
«Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори имзоланди.
Қайд этилишича, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг почта алоқаси миллий оператори сифатида республика миқёсида 2 мингга яқин почта алоқаси объектига эга бўлиб, барча аҳоли пунктларини қамраб олган.
Шу билан бирга, Миллий оператор тармоғини ривожлантириш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолмоқда.
Қарор билан почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш мақсадида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди:
а) хат-хабар ташиш ва курьерлик хизматларини ривожлантириш бўйича:
- почта ва курьерлик хизматларини тақдим этиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда «якуний манзил» хизматини жорий этиш;
- почта алоқасининг анъанавий хизматларини такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш, жўнатмаларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва етказиш жараёнларига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш орқали аҳоли, бизнес ва давлат идораларига замонавий хизматларни тақдим этиш;
- «Гибрид почта» жўнатмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш хизматлари сонини 2 баробарга ошириш;
б) электрон тижорат бозоридаги фаолиятни ривожлантириш бўйича:
- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи электрон савдо майдончаси ахборот тизимини яратиш;
- логистика марказларини ташкил этиш, товарларни сақлаш ва етказиб беришни ўз ичига олган хизматларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
в) хизматлар бозоридаги почта алоқаси фаолиятини ривожлантириш бўйича:
- почта алоқаси объектлари орқали тўловларни онлайн режимда қабул қилиш автоматлаштирилган тизимини модернизациялаш ва унинг мобиль иловасини ишлаб чиқиш;
- республиканинг камида 1 000 та почта бўлимида, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда молиявий хизматлар турларини, хусусан, аҳолидан тўловлар қабул қилишни икки баробарга кенгайтириш ҳамда аутсорсинг асосида банк хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш;
- олис ва чекка ҳудудлардаги почта бўлимида давлат хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш;
- почта алоқаси соҳасида жорий этилаётган янги хизмат турларини инобатга олган ҳолда Миллий оператор тизимида фаолият юритувчи кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.
Шунингдек, 2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси соҳасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Қарорга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий оператор Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилишини таъминлайди.
Бунда, почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter