Ўзбекистонда интернет тармоғи «охирги миля» тамойили бўйича кенгайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Фармоннинг тўлиқ матни «ЎзА»да эълон қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда муносабатларни тартибга солиш, электрон ҳукуматни жорий этиш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш фаолиятини мувофиқлаштириш;
- «охирги миля» тамойили бўйича интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш, мультисервисли алоқа тармоқлари технологиялари, мобиль алоқа бозори, бошқа замонавий телекоммуникация хизматлари, шунингдек, логистика ва почта алоқаси хизматлари орқали телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш;
- давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш, ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, «ягона дарча» тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини шакллантиришга ягона технологик ёндашув амалга оширилишини таъминлаш;
- давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторида инновацияларни жорий қилишга кўмаклашиш, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш, шу жумладан ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
- шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани, шу жумладан келгусида интеграциялашган, «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳар ягона комплексига бирлаштирган ҳолда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикасини, шошилинч хизматларни бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;
- технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида замонавий рақобатбардош ва экспорт учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ҳамда хизматларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини ривожлантиришни рағбатлантириш, шарт-шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш;
- етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиёти асосида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил қилиш;
- киберхавфсизликни таъминлаш ва тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишни таъминлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, шахсий ва биометрик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича технологияларнинг қўлланишини тартибга солишда иштирок этиш;
- тақдим этилаётган телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларининг юқори сифатини таъминлаш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилишининг давлат назоратини амалга ошириш;
- ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш ва ривожлантириш масалалари бўйича, шу жумладан, техник стандартлар, регламентлар жорий этилишини ташкил қилиш, шунингдек, Вазирликнинг фаолият соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter