Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон 5G тармоғига эга мамлакатлар қаторига қўшилмоқда (видео+фото)

Ўзбекистон 5G тармоғига эга мамлакатлар қаторига қўшилмоқда (видео+фото)

Фото: «Xabar.uz»

Хабар берганимиздек, АКТ ҳафталиги доирасида 25 сентябрь куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар марказида анъанавий «ICTEXPO» кўргазмаси очилди.

«ICTEXPO 2019» 25—27 сентябрь кунлари Тошкентда («Ўзэкспомарказ»  МКМ) ва Фарғонада (ТАТУ Фарғона филиали) бир пайтнинг ўзида бўлиб ўтмоқда. 

Тантанали очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов «Ўзбектелеком» АК стендида ташкил этилган видеоконференцалоқа орқали Фарғонадаги «ICTEXPO» кўргазмаси қатнашчилари билан мулоқот қилди.

Соҳа раҳбари ҳамда ҳафталик меҳмонлари: Беларусь Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шульган, Амити университети президенти Атул Чаухан, АСҲҲ ижроия қўмитаси бош директори Нурудин Муҳитдиновлар кўргазма стендлари билан танишиб чиқишди.

«ICTEXPO 2019»да мамлакатимиз компаниялари билан бир қаторда хориж компаниялари ҳам ўз хизмат ва технологияларини тақдим этди.

Бу йилги кўргазманинг бош мавзуси — 5G стандартидаги мобил алоқа. Ҳа, Ўзбекистонга ҳам 5G кириб келмоқда. Юртимизда фаолият юритувчи икки мобиль операторимиз, шунингдек, «Huawei» компанияси стендини кузатган ташриф буюрувчилар 5G стандартидаги телефон аппаратлари, 1 Гбит/сониядан юқори тезликка эга тармоқ имкониятлари ҳақида ва бошқа кўплаб янгиликларга эга бўлишмоқда.

Кўргазмага келувчилар етакчи телекоммуникация операторлари, ёритиш ва электр жиҳозларини этказиб берувчилари ва ишлаб чиқарувчилари, мобиль телефон ишлаб чиқарувчилари, ахборот порталлари ва интернет-дўконлари, давлат идоралари, соҳа таълим муассасалари ва бошқаларнинг ахборот технологиялари ва хизматлари йўналишидаги энг сўнгги янгиликлари ва ишланмалари билан бевосита танишдилар.

Кўргазманинг дастлабки икки куни — 25 ва 26 сентябрь кунлари B2B форматида — ишбилармонлар учун, учинчи куни — 27 сентябрда B2C форматида — фойдаланувчиларга бағишланди.

27 сентябрь санасига қадар давом этадиган «ICTEXPO-2019» кўргазмасидан репортажларимиз давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг