Ўқув марказининг энг яхши битирувчилари ТАТУга имтиҳонсиз қабул қилинади
6 май куни Марғилон шаҳрида навбатдаги Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди. Тантанали очилиш маросимида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ва Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев қатнашди.
Эътироф этиш керак, АКТ вазирлиги давлат ҳокимияти органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда ишлашни йўлга қўймоқда. Аввалроқ шундай ҳамкорликдаги бир қатор ўқув марказлари очилган эди.
Музаммадюсуф Эркинбоев, Марғилон шаҳридаги 8-мактабнинг 8-синф ўқувчиси:
— Келажакда журналист бўлиш иштиёқидаман. Тушунаман, бу касбни юксак даражада эгаллаш, етук журналист бўлиш осон эмас. Бунинг учун ҳозирдан ўқиб ўрганиш учун кўп вақт сарфлашимга тўғри келяпти. Бунда менга компютер саводхонлиги борасидаги кўникмаларим жуда қўл келмоқда. Лекин, тан олишим зарур, бу борада билимларимни мустаҳкамлаш учун ҳали кўп тер тўкишим керак. Шунинг учун ҳам шаҳримизда рақамли технологиялар ўқув маркази очилганидан бениҳоя қувондим.
Севара Воҳидбоева, шаҳардаги 2-тиббиёт коллежи ўқувчиси:
— Мен иккинчи коллежни тугаллаяпман. Дадам хасталик оқибатида ҳаётдан эрта кетган. Шу боис, олий маълумотли шифокор бўлиб, одамларга шифо бахш этиш, умрларига умр қўшиш орзуси менга тинчлик бермайди. Олий даражадаги тиббиёт ходими бўлиш учун ҳам рақамли технологияларни чуқур билиш талаб этилади. Мен эса бу масалада жуда оқсайман. Орзу-ниятим шу марказга аъзо бўлиш, ўз билимларимни бойитиб бориш, эл ардоғидаги шифокор бўлишдир. Биз ёшларга билим олишимиз, жамиятда ўрин топишимиз, юрт фаровонлигига ҳисса қўша оладиган шахслар бўлиб камолга етишишимиз учун яратилаётган бу имконият учун давлатимиз раҳбаридан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан чексиз миннатдормиз ва бу ишончни оқлашга ваъда берамиз.
Фарҳод Мулайдинов, ТАТУ Фарғона филиали проректори:
— Рақамли технологиялар ўқув марказида компютер, работотехника, киберўйинлар тугараклари ишлайди. Шунингдек, тўрт хил ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Булар: компютер технологиялари, ахборот технологиялари, график тасвирий дизайнерлик, замонавий веб-дастурлашдир. Шуни таъкидлаш керакки, барча шаҳар ва туманларда шундай ўқув марказлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. ТАТУ Фарғона филиали талабалари бу ерда амалиёт ўташ, тренер-ўқитувчилар бўлиб ишлашлари йўлга қўйилади. Ҳа, марказ асосан ёшлар учундир. Бироқ унда ёшидан қатъи назар барча истовчилар сабоқ олишлари мумкин. Лойиҳалари бўла туриб, уни амалга ошира олмаётган ёш тадбиркору бизнесменларга ҳам кўмак кўрсатилади. Улар қўллаб-қувватланади. Шунингдек, бу каби марказларда яхши ўқиган вилоят ёшларининг икки нафарига ТАТУга (бир бюджет ва бир тўлов-контракт асосида) ўқишга кириш имтиёзи берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter